Фарзанди таъминоти учун 26 миллион сўм тўлашдан бош тортган отага қамоқ жазоси қўлланилди
Фуқаролик ишлари Паст Дарғом тумани судининг 2018 йил 5 февралдаги қарорига асосан қарздор У.И.дан ундирувчи Ф.У. фойдасига фарзандларининг таъминоти учун учдан бир қисм миқдорда алимент ундириш белгиланган.
Суд қарорига асосан ижро ҳужжати бюронинг Паст Дарғом тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган.
Мазкур ижро ҳужжатига асосан қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21- ва 87-моддаларига асосан тегишли ташликотларга сўровномалар юборилган ва олинган маълумотларга асосан барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.
Қарздор У.И.нинг алимент қарздорлиги қайта ҳисоб-китоб қилинганда бугунги кун ҳолати ҳолатига 26 млн. 910 минг сўмни ташкил қилган.
Ушбу қарздорликни тўлашлик учун қарздор бир неча марта огоҳлантирилган. Аммо масъулиятсиз ота ҳар хил важлар билан қарздорликни йиллар давомида тўлашдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли 2021 йил 12 июнда МИБнинг Паст Дарғом тумани бўлими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси тартибида қарздорга нисбатан тўпланган маъмурий ҳуқуқбузарлик иши жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судига топширилди.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди ва қарздор У.И.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.