Фарзандингизга қачон китоб совға қилгансиз?

Очиғи, бу саволни бериш яқинда ушбу сайтда “Самарқанддаги тўйда китоб тарқатилди” мақоласини ўқигандан сўнг хаёлимдан ўтди.

Ҳақиқатан ҳам биз йиллар давомида йиғиниб, дабдабали тўй қиламиз, фарзандимизга машина олиб берамиз, зиёфат-у базмларга маблағ топамиз, мактабга борадиган фарзандимизга қўл телефони совға қиламиз, аммо битта китоб сотиб олмаймиз. Китоб дўконларига боришга вақтимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам йўқ. Ота-оналар эса фарзанди билан биргаликда китоб ўқимай қўйди. Мақолада муаллиф бунга барҳам беришнинг энг тўғри йўлларидан бирини айтган. Тўйларимизда турли қимматбаҳо совғалардан кўра китоб туҳфа этишни одат қилсак жуда яхши иш бўлади.

Чунки кундалик ҳаётимизга интернет имкониятлари кенг кириб келгандан буён одамлар орасида китоб ўқиш анчайин сусайди.

Тўғри, кейинги пайтларда китобхонликка давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. “Энг ёш китобхон” танлови, турли маърифий тадбирлар ташкил этиляпти. Бироқ унинг натижаси яққол кўзга ташланмаяпти.

Эсимда, 5-6 синфда ўқиб юрган пайтимдан эртак, афсона, қисса ва фантастик  романлар ўқирдим. Айниқса, Худойберди Тўхтабоевнинг “Ширин қовунлар мамлакати ёки сеҳргарлар жанги”, “Сариқ девни миниб” асарлари, “Мунгли кўзлар” романини  қайта-қайта ўқиганман. Улар орқали ёлғон гапириш ёмон оқибатларга олиб келишини, ёшликдан билим олишга интилиш лозимлигини, катталарга ҳурматни ўргандим. Китобга меҳрим йил сайин ошиб бораверди. Талабалик  йилларимдан бошлаб ўқиб чиққан китобларим ҳақида  ёзиб бориш учун дафтар тутдим. Аввало, унга ўқилган китобларимнинг муаллифи, номи, қаерда, қачон нашр этилгани, асар қаҳрамонлари ҳамда китобдаги ҳикматнамо гаплар, ибратли сўзларни ёзиб қўяман. Охирида китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазамни қисқача баён қиламан. Мен буни кимгадир ибрат бўлар, деган ниятда айтаяпман. Чунки кўп китоб ўқиганим олий ўқув юртига киришимга, таҳсил олишимга, ҳаётда ўз ўрнимни топишимга энг асосий рол ўйнаган.

Бугун ҳам болаларда китоб ўқишга меҳрни, мутолаа маданиятини мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш лозим. Боғчаларда китоб жавонларининг ташкил этилиши боланинг китобга бўлган меҳрини уйғотади. Уни китоб ўқишга қизиқишини оширади.

Бахтигул АСРОРОВА,

Оқдарё туман мактабгача таълим бўлими мудираси.