Фавқулодда содир этилиши мумкин бўлган ҳолатлар назоратда. Аммо ҳар ким хавфсизлик чорасини кўриши шарт
Жорий йилнинг 1-2 май кунлари вилоятимизда кучли ёмғир ёғиб, шамол бўлиши кутилмоқда. Тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор.
Кутилмаган вазиятларнинг олдини олиш мақсадида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус техника ва шахсий таркиби, шунингдек, туман ва шаҳар ободонлаштириш идоралари, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси хизматларининг техника ва ишчи-ходимлари тайёр ҳолатда турибди.
Ортиқча талафотларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор тартиб-қоидаларга амал қилиш лозимлиги ҳақида аҳоли, корхона-ташкилот раҳбар ва ходимларига зарур тавсияларни беришни лозим топдик.
Шу кунларда вилоятимизнинг барча маҳаллаларида сергакликни ҳар қачонгидан ҳам ошириш зарур. Кутилмаган вазиятларнинг олдини олиш мақсадида фавқулодда вазиятлар хизмати тизими тасарруфидаги барча техника, асбоб-ускуна ва жиҳозлар, тиббиёт муассасаларидаги қўшимча жойлар тиббий восита ҳамда дори-дармонлар захираси билан таъминланиши керак. Тез тиббий ёрдам бригадалари, йиғма механизациялашган отрядлар шай ҳолатга келтирилиши лозим.
Барча ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилиши, тоғ ва тоғ олди ҳудудларидаги сел йўллари ҳолати назоратга олиниши, шунингдек, чўпонлар ва маҳаллий аҳоли томонидан чорва молларини боқмаслик чоралари кўрилиши талаб этилади.
Вазият кескин ўзгарганида зудлик билан вилоят тошқинга қарши кураш штаби ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор навбатчилик гуруҳининг қуйидаги телефон рақамларига хабар беринг:
(66)231-07-71, (66)234-71-00, (66)240-06-01, (66)240-40-21, 1050, 101.
Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати.