Фахр отида мозийга сафар
Бутун дунё танийдиган, не-не тарихий воқеаларни бошидан кечирган, ҳам қадимийлик, ҳам замонавийликни ўзида уйғунлаштира олган, афсонавий шаҳар Самарқанд билан шу ўлканинг фарзандлари қатори мен ҳам ҳамиша фахрланаман. Бугун бу туйғу янада ортди. У ифтихорга айланди. Шу она шаҳримнинг қоқ юрагида, минг-минглаб талабаларни учирма қилган, бағрида не-не алломаларни улғайтирган улуғ даргоҳ – Университетим тантанали олти юз йиллик юбилейини нишонламоқда. Бу даргоҳ фаолияти – бутун дунёга ўз «Зижи жадиди Кўрагоний» жадвали билан машҳур султон ва олим Мирзо Улуғбек ва у қурдирган «Мадрасаи Олия» номи билан боғланмоқда. Менинг хаёлларим эса яна олис тарихларга кўчади. Ахир IX-X асрдан ўз мадрасалари билан машҳур бўлган Самарқанд бағридаман. Хаёл суриб, босиб кетаётган кўчаларимизнинг қайсидир бири, тарихнинг қора саҳифаларида юз берган маълум воқеалар туфайли бузиб ташланган мадрасалар ўрнидир. Бу мадрасаларда алломаларимиз илмдан баҳс этгувчи қурултойларни ўтказгандир. Бирови юнон илмидан, бирови ҳинд илмидан қилган таржималарини, бировлари уларга ёзган шарҳини, айримлари ўз асарларини, илми нақлия ва илми ақлия бўйича ўқув қўлланмаларини аҳли илмга таништиргандир. Мадрасани тугатган толиби илмга шаҳодатнома тақдим этгандир ёки уларни имтиҳондан ўтказгандир... Ахир IX-X асрнинг ўзида бу кўҳна заминда 17 та мадраса бўлган. Айтишга осон, 17 та олий даргоҳ. Ҳар томонидан ғарбу шарқдан, шимол-жанубдан Самарқанд мадрасалари сари интилган толиби илмлар карвони кўз олдимга келмоқда. Ана Умар Хайём ўтирган карвон, ана Маҳмуд Кошғарий минган тулпор, Абдураҳмон Жомий Самарқанд сари ошиқмоқда, Алишер Навоий Хожа Фазлуллоҳ Абу Лайсий олдиларига етиб келди. Бу шаҳарни меҳр билан «Жаннатмисол» деб таърифладилар. Хаёлларим баҳри уммон мисол ўз қирғоғидан тоша бошлайди. Ана шу мадрасалардан бирини тугатган Ибн Арабшоҳ жаҳонга машҳур «Амир Темур тарихи» асарини ёзмоқда. Бу мадрасаларни тугатган Муҳаммад Авфий, Шамсиддин Муҳаммад ибн Ашраф ал-Ҳусайний ас-Самарқандий, Абу Муҳаммад Ато Самарқандий, Садр уш-Шариф Самарқандий, Нажмиддин Самарқандий, Али Қушчи каби кўплаб мутафаккирлар бир қанча мамлакатларга бориб, турли фанлардан дарс ўтяпти. Беҳисоб кашфиётлар қилиб, мақтов-у олқишларни тингламоқдалар.
Хаёлимнинг учқур тулпори бу заминда яратилган тарихий биноларга кўчади. Қарангки, бу биноларнинг учтадан биттаси илм-фан маскани – мадрасалар бўлган. Ҳар бир подшо, шаҳзода, бек-у бекваччалар, ҳаттоки маликалар ҳам ўз мадрасаларини бино қилишга тиришган. Имконияти яхши ота-боболаримиз эса орттирган маблағларини мадрасалар вақфига сарфлашган. Ахир бу мадрасаларда қанча талаба ўқиган, қанча илму урфон эгалари турли илм-фанлардан дарс берганлар. Саъдиддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний, Али ибн Муҳаммад Саййид Шариф Журжоний, Амир Қосим Анворий, Салоҳиддин Мусо Қозизодайи Румий каби Шарқнинг дунёга машҳур алломалари бу мадрасаларда тўпланган. Эҳтимол, бу мадрасаларни Рудакийлар ўз қасидаларида мадҳ этган, Имом Бухорий ўз ҳадисларини шу ерда якунлаган, Абдураҳмон Жомий шу мадрасалардан куч олган, Алишер Навоийнинг кўплаб орзулари шу мадрасаларда туғилган. Бобораҳим Машраб шу ерда тўхтаб, нафас ростлаб, яна йўлга чиққан. Шу мадрасалар кутубхоналаридан қанча-қанча китоблар карвони бутун дунёга тарқалган. Улар ўзидан олдинги ва ўз давридан нималарнидир сўйлаганлар ва бугун ҳам шарқшунос олимлар ҳайратига ҳайрат қўшмоқда.
Хаёлларим яшиндай учади. Яқин замонга келиб тўхтайди. Бу мадрасалар изсиз йўқолган эмас. Бугун бу мадрасалар ўрнида она шаҳрим Самарқандда кўплаб олий даргоҳлар сингари тўнғичи бўлиб Самарқанд давлат университети фаолият олиб бормоқда. Илдизи мустаҳкам, қадимий илм-урфон қудуқларидан сув ичган университет бағрида минглаб мутафаккирлар етишиб чиққан, қанча-қанча тадқиқотлар амалга оширилган, жаҳонга таниқли олимлар дарс ўтган. Абдурауф Фитрат илмий асарлари, Усмон Носир достонлари, Миртемир сочмалари, Ҳамид Олимжон бахт ва шодлик билан йўғрилган шеърлари, Уйғун драмалари, Шароф Рашидов ва Асқад Мухтор асарларининг хамиртурушини шу маскандан топгандир.
Бу университет К.З.Зокиров, В.А.Абдуллаев, Й.Х.Тўрақулов, А.Қ.Отахўжаев, Б.Н.Валихўжаев каби кўплаб академикларни етиштириб берган, минг-минглаб олимларни вояга етказган, кўплаб тадқиқотларни яратган даргоҳдир. Университетим, сенда таҳсил олган беҳисоб талабалар, магистрлар, докторантлар, профессор-ўқитувчилар номидан мўйсафид ёшинг билан қутлайман!
Келажак авлоднинг хаёл отлари яна олисларга сафар қилиши кераклиги боис, сен тоабад яша! Сен Самарқанд сингари кўҳна ва навқиронлигингча жаҳонга машҳуру манзур бўл! Хаёл отида бир онгина мозийга сафар қилган фахрия битикчинг шу даргоҳ талабаси, магистри, аспиранти ва доценти бўлган бир қизингдир.
Орзибони ЮСУПОВА,
СамДУ доценти.