Францияда эртадан карантин жорий этилади
Коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошлангани сабабли, 30 октябрдан эътиборан Францияда карантин режими жорий этилади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэль Макрон француз халқига қилган телемурожаатида маълум қилди.
“Жума кунидан бошлаб вирусни тўхтатишда ёрдам берадиган карантин режимини яна жорий этиш зарур, деган қарор қабул қилдим”, деди Макрон. У карантин бутун Франция ҳудудида жорий этилишини алоҳида таъкидлади.
Франция раҳбарининг сўзларига кўра, карантин мамлакатда 1 декабрга қадар давом этади. Мактаблар ёпилмайди, давлат идоралари ва ташкилотларда иш давом этади. Шу билан бирга, ишга қатнаш, шифохонага бориш, ёрдамга муҳтож қариндошларни йўқлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш ва яшаш жойи ҳудудидан узоқ бўлмаган масофада сайр қилиш учун уйдан чиқишга рухсат берилади. Бироқ уйдан чиқиш учун баҳор ойларидагидек ёзма гувоҳнома талаб этилади.
“Баҳор ойларида асосий эмас, деб тақсимланган савдо майдонлари, аҳоли тўпланишига сабаб бўладиган барча ташкилотлар, хусусан, бар ва ресторанлар ёпилади”, деб қўшимча қилди Макрон.
Франция етакчиси оммавий йиғилишлар ва биринчи ҳудуддан иккинчи ҳудудга ҳаракатланиш тақиқланишини, бироқ таътилдан қайтаётганлар учун уйларига етиб олиш имконияти яратиб берилишини алоҳида таъкидлади.