Фуқаро сўровига вақтида жавоб бермаган архитектура ва қурилиш бўлими ходими жавобгарликка тортилди
Бундай ҳолат Самарқанд тумани архитектура ва қурилиш бўлими масъул ходими иштирокида рўй берган.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизматига кўра, Самарқанд туманида яшовчи фуқаро туман ДХА орқали якка тартибда уй-жой қуришга лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун сўров берган.
Туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи сўровни ўрганиб чиқиш учун тегишли ходимига йўналтирган. Аммо масъул ўз вазифасига совуққонлик билан қараб, сўров ижросини 9 кунга кечиктирган.
Гап шундаки, ҳукумат тасдиқланган маъмурий регламент бўйича ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатлари юзасидан келишиши ёки уни асосли рад этиши керак.
Бундан ташқари, юқоридаги ходим хизмат фаолияти давомида 7 та объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган 18 та якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш)га лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш хизматларини кўрсатишда маъмурий регламентда белгиланган тартиб ва муддатларни бузгани аниқланган.
Шулардан келиб чиқиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасида назарда тутилган жазо чораси қўлланилган.