Қаердасиз, ар-хи-тек-тор-лар?
Кейинги пайтда «уй қурувчилар»нинг соясида қолиб кетганингиз бор гап. Улар Сиздан, ҳатто ҳокимлардан сўрамай кўп қаватли уй қуришга жой танлаганларини инкор қилиб бўлмайди.
Архитектор обрўсини қайта тиклаш пайти келмадими? Интернетдан чиқиб, тайёр лойиҳалардан фойдаланишни бас қилиб, бевосита одамлар, мутахассислар фикрини ўрганиш вақти келмадими?
Аммо биз вилоят ҳокими ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида экобоғ лойиҳасидан бошқа ибратли ташаббусларни кўрмаяпмиз. Танланган жойга лойиҳа қилиш архитектор ижодкорлигига соя солмайдими? Президентимиз даъватига кўра барпо этилажак маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳам шошилинч лойиҳалаштирилмайдими? Давр эҳтиёжини ҳисобга олиб, бундай лойиҳаларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш мумкин эмасмиди?
Менимча, буюртмачи ва ҳокимликлар замонавий, кўркам лойиҳаларни кўриб, унинг яхши эканини билгач, бу лойиҳа учун жой ахтариши ва танлаши, маблағ топиши лозим. Аммо бугунги кунда биз бу қоиданинг аксини кўряпмиз.
Ижтимоий тармоқларда ҳалигача истироҳат боғлари, каналлар бўйи сайилгоҳлари, автомобиль тўхташ ва сақлаш жойлари, йирик тўйхоналарни қайта таъмирлаб, бошқа хизмат соҳаларини яратиш бўйича таклифларни кўрмаяпмиз. Бу ҳам архитекторларнинг йўл, коммунал тармоқлар, мактаб қурилишига ўхшаб инвестицияга қараб қолганини кўрсатмайдими?
Қарийб ўн йилдирки, журналистлар Самарқанд шаҳрига тўрт томони ойнаванд, кириб келиши қулай маиший хизмат уйи, шахсий транспорт воситалари қўйиш жойлари кераклиги ҳақида бонг уради. Нега бу таклифларни ҳисобга олмайсизлар? Агар бўлса, биргалашиб ҳокимларга таъсир ўтказайлик.
Ф.Исҳоқов.