60 дан ортиқ моддага 200 дан кўпроқ тузатишлар киритиш назарда тутилган: Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Самарқанд шаҳрида “Менинг Конституциям” мавзусида ташкил этилган ушбу тадбирда шу йилнинг 25 июнидан муҳокама учун қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасида Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, СамДУ профессори Ф.Набиев, ЎзННТМА вилоят бўлинмаси раҳбари Ф.Раҳматов конституциявий ислоҳотлар, Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан фикр-мулоҳаза билдирди.
- Лойиҳада Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддасига 200 дан кўпроқ тузатишлар киритиш назарда тутилган, - деди Ф.Тошев. - Бу ўзгартишлар “инсон-жамият-давлат” принсипига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради. Масалан, Конституциянинг 24-моддасида Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши белгиланмоқда. Негаки, инсоннинг қадр-қиммати, аввало, унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади. Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан саналади. Ваҳоланки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи. Унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Аллоҳ ато этган.
Тадбир якунида вилоятдаги барча фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирилди.