ФВВ Хоразмдаги фожиа сабабини аниқлади

Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар қилган эдик.

ФВВ ушбу фожиа сабабини аниқлади. Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 октябридан 23 октябрь кунига ўтар кечаси Хоразм вилояти Янгиариқ тумани, Остона қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар К.Ғ., унинг турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзандлари иситиш қозонининг мўриси носозлиги боис ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Бахтсиз ҳодиса сабаблари ўрганилганда, хонадондаги иситиш қозони мўриси ичига ёз пайтида қушлар ин қургани, дудбўрон хас-хашак ва қушларнинг пати билан тўлиб қолгани ва тортиш кучини йўқотганлиги сабаб бўлган.

Табиий газнинг чала ёниши оқибатида ис гази ҳосил бўлиши ҳамда унинг уй ичига тўпланиши фуқароларнинг ўлимига олиб келган.

ФВВ куз-қиш мавсуми кириб келиши муносабати билан иситиш печларидан фойдаланишдан аввал дудбўрон (мўри)ларнинг тозалиги ва тўғри ўрнатилганлигига эътибор беришни сўраган.