Газ босими қаерда қанча ошди?

Шу йил 16 декабрь куни республикамиз Президенти Ш.Мирзиёев раислигида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари газ экспортини қисқартириб, кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилиши ҳисобига аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берди.

- Йиғилишда берилган топшириқлар ижроси ва истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида табиий газ билан бир маромда таъминлаш мақсадида филиалимизда зарур режалар белгилаб олинди, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали раҳбари Олим Исоқулов. - Бугунги кунда вилоятимизда 773 мингдан зиёд газлашган хонадон мавжуд бўлиб, улардан 293 минг 677 таси табиий газ билан таъминланган. Табиий газ етиб бормайдиган 479 минг 339 хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари берган топшириқдан кейин табиий газ танқислиги мавжуд ҳудудларга қўшимча лимит ажратилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказилаётган табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида:

- “Самарқанд-1” газ тақсимлаш шохобчасидан соатлик газ сарфи 82,7 минг метр/кубдан 88 минг метр/кубга, “Самарқанд-2” газ тақсимлаш шохобчасидан 17 минг метр/кубдан 18,3 минг метр/кубга, “Самарқанд-3” газ тақсимлаш шохобчасидан эса 5,4 минг метр/кубдан 7,6 минг метр/кубга;

- Каттақўрғон шаҳар газ тақсимлаш шохобчасидан соатлик газ сарфи 9,4 минг метр/кубдан 11,4 минг метр/кубга;

- Жомбой газ тақсимлаш шохобчасидан соатлик газ сарфи 12,5 минг метр/кубдан 15,6 минг метр/кубга;

- “Тайлоқ-1” газ тақсимлаш шохобчасидан соатлик газ сарфи 11,3 минг метр/кубдан 12,2 минг метр/кубга кўтарилди;

- Ургут газ тақсимлаш шохобчаси соатлик газ сарфи 5,5 минг метр/кубдан 7,8 минг метр/кубга;

- Пахтачи газ тақсимлаш шохобчасидан 5 минг метр/кубдан 9,2 минг метр/кубга;

- Иштихон газ тақсимлаш шохобчасидан соатлик газ сарфи 4,9 минг метр/кубдан 8,4 минг метр/кубга;

- Пайшанба газ тақсимлаш шохобчасидан 6,1 минг метр/кубдан 9 минг метр/кубга;

- Қўшработ газ тақсимлаш шохобчасидан соатлик газ сарфи 2,8 минг метр/кубдан 4,7 минг метр/кубга

кўтарилди.

Бундан ташқари, жойларда табиий газ босимини меъёрда сақлаш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимлари билан биргаликда ишчи гуруҳлар тузилиб, жойларда хонадонларда ноқонуний равишда ўрнатилган сўрғич (насос)ларни олиб ташлаш бўйича зарур ишлар ташкил этилди.

Натижада Самарқанд шаҳридан 51 та, Оқдарё туманидан 14 та, Иштихондан 14 та, умуман, барча туман-шаҳарлардан 114 та газ сўрғич аппаратлари ишчи гуруҳ томонидан аниқланиб, ечиб олинди. Кузатишимизча, шундан сўнг маҳаллаларнинг охирги хонадонларига табиий газ етиб бориши меъёрга тушди. Айни кунларда бу ишлар давом эттирилмоқда.

Шунингдек, жойлардаги кафолатланмаган улгуржи истеъмолчилар тармоқдан узилди ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобча (АГТКШ) лари тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни соат 17:00 дан 23:00 гача тармоқдан тўхтатилиб, иқтисод қилинган табиий газ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилмоқда.

Тўғри, бу каби тадбирларга қарамасдан айрим газ қувурларининг охирги нуқталаридаги истеъмолчиларда газ етишмовчилик ҳолатлари мавжуд. Бунга ҳам барҳам бериш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгилаб олганмиз. Жойларда бу борадаги ишларимиз босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Акрам Ҳайдаров ёзиб олди.