Геоолам, гипотеза, геотабассум...
Дунёда ҳар йили 140 миллион чақалоқ дунёга келади. Бинобарин, ҳар секундда 3 нафар, ҳар дақиқада 175 нафар, ҳар соатда 10,4 минг нафар, бир кеча-кундузда 250 минг чақалоқ туғилади. Бу ҳар 10 кунда дунёга янги Тошкент қўшилади, деганидир.
Демографик маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 80-йилларида дунёдаги энг кўп болали она чилилик аёл бўлган. Унинг 55 нафар фарзанди бўлиб, у ҳар гал эгизак ёки учтадан фарзанд кўрган.
ХХ асрда Россияда кўп болалилик анъанаси авж олган. Масалан, машҳур ҳаким Н.Пирогов оилада 13-фарзанд, буюк кимёгар Д.Менделеев 17-фарзанд бўлган. Лев Толстойнинг 13 нафар боласи бўлган.
Саудия Арабистонининг биринчи қироли Абдул Азиз Ибн Сауд бўлиб, у 1932 йилдан то 1953 йилгача ҳукмронлик қилган. Унинг 17 та расмий хотини бўлган. Ҳозирги кунда қирол сулоласида турли даражада қариндош бўлган 5 мингга яқин эркак бор. Мамлакатдаги барча юқори лавозимларни ушбу сулола вакиллари бўлиб олишган.
***
...Қазилма ёқилғилар - нефть, табиий газ, кўмир ва уран иқлим ўзгаришида асосий сабаб ҳисобланади. Ёқилғи ишлатилганда ва бошқа ишлаб чиқариш жараёнлари атмосферага углерод қўшоксиди (СО2) метан, азот чалаоксиди ва бошқалар чиқарилади. Улар ерни кўринмас «кўрпа»га ўраб, иссиқхона самараси ҳосил қилади ва сайёрамиз ҳароратини сақлаб туради. Бу самаранинг мавжудлиги бизнинг сайёрамизни ҳаёт учун яроқли қилади.
Мабодо бу ёқилғи меъёрдан ортиқ ёқилса, ер юзида ўртача ҳарорат ҳатто 3-4 даражага кўтарилса, иқлим зоналари юзлаб километрга сурилиши, деҳқончилик чегаралари анча шимолга кириб бориши ва жуда катта майдондаги доимий музликлар тугаб кетиши мумкин. Шимолий муз океанини қоплаган музлар ёзда эриб, кемалар бемалол сузиб юрган бўлар, Москва иқлими Кавказ ортининг ҳозирги иқлимига ўхшаб қолар эди. Африкадаги экваториал зона шимолга сурилиб, Саҳрои Кабирни эгалларди. Антарктида ва Гренландия музликлари эриб кетиб, натижада дунё океани “қирғоқларидан чиқиб” (унинг сатҳи 66 метрга кўтарилар эди) ҳозирда инсониятнинг 1/4 қисми яшаб турган қирғоқ пасттекисликларини сув босиб кетган бўлар эди.
***
...Бир куни Андорра давлатида футбол ўйинини тақиқлаб қўйишди. Бунга сабаб, ўйинчилар тўпни бир томонга тепса Францияга, бошқа томонга тепса Испанияга ўтиб кетаётган эмиш.
(Изоҳ: Андорра Франция ва Испания чегарасидаги митти давлат).
Улуғбек Исмоилов,
Жомбой туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактаби география фани ўқитувчиси.