Германияда юридик кадрлар тайёрлаш тизими қандай?

Ёш авлодни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятли қилиб тарбиялаш асосий вазифамиз ҳисобланади. Юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда хорижий тажрибани ўрганиш ва ундаги илғор амалиётни мамлакатимиз юридик кадрларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига жорий қилиш катта аҳамият касб этади. Айниқса, Германияда бу борада йўлга қўйилган тизим анча илғор ва таъсирчан бўлиб, ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Ҳозирги кунда Германиядаги университетларда, хусусан, юридик таълимга ихтисослашган университетларда ўқиш икки семестрга ажратилган. Биринчиси, октябрдан мартга қадар, иккинчиси, апрелдан сентябрга қадар давом этади.

Университетларда ўқиш икки босқичда ташкил этилган. Дастлабки икки йил оралиқ имтиҳонларни топшириш босқичи бўлиб, бу даврда асосий курс сабоқлари ўтилади. Айрим факультетларда, масалан, юридик факультетларда оралиқ имтиҳонлар топширилгандан сўнг сертификат (Scheine) берилиши кўзда тутилган. Бу ҳужжат талабага асосий, яъни иккинчи босқичга ўтиш ҳуқуқини беради.

Айтиш керакки, бакалавр дипломини олиш учун битирувчи ўқиган университети жойлашган Федерал Ер (яъни вилоят – улар мамлакатда 16 та) Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган давлат имтиҳонини қабул қилиш махсус комиссиясига имтиҳон топширади. Махсус комиссия судья, адвокат, давлат хизматчиси, жамоат арбоби, йирик олимлардан таркиб топган. Яъни, билим бериш билан шуғулланган университет ўқиш якунида талабадан имтиҳон қабул қилмайди. Янада содда қилиб айтганда, имтиҳон иш берувчилар манфаатидан келиб чиққан ҳолда холисона қабул қилинади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу имтиҳонлардан атиги 75 фоизгача талаба муваффақиятли ўтиб, бакалавр дипломини олади. Имтиҳондан ўта олмаганларга фақат бир марта қўшимча имтиҳон топширишга рухсат этилади. Бакалавр дипломини қўлга киритиш биринчи босқичдан ўтиш ҳисобланади.

Германияда бакалавр дипломини олган ҳуқуқшунослар, албатта, икки йил давомида мажбурий равишда турли судлар, давлат органи ва муассасаларида амалиёт ўтайди. Амалиёт ўташ учун ариза Федерал Ер Олий суди раиси номига ёзилади. Аризада қаерда ва қайси судда амалиёт ўташ истаги аниқ кўрсатилади. Ўз навбатида, амалиёт ўташ ҳам бир неча босқични ташкил этади. Биринчи босқич округ (туман) ёки участка ихтисослашган судида 5 ой давом этади. Иккинчи босқичда амалиёт маъмурий ишларни кўрувчи суд ёки ўзини ўзи бошқариш органида ўталади. Бу жараён 4 ойни ташкил этади. Бунда стажёр 2 ой давомида бирор-бир хорижий давлатда амалиёт ўташи ҳам мумкин.

Учинчи босқичда стажёр 3 ой муддатда судья ёки прокурорга бириктириб қўйилади. Тўртинчи босқичда у 9 ой давомида адвокатурада амалиёт ўтайди. Мана шу даврда, яъни 6 ойдан сўнг стажёр имтиҳон топшириш учун ёзма иш, хусусан, реферат, битирув малакавий иши, батафсил ҳисоботлар ёзишга киришади. Ниҳоят, бешинчи босқич, яъни амалиётнинг сўнгги 3 ойи давомида стажёр тўлиқ хорижий давлатда амалиёт ўтайди.

Амалиёт даврида стажёр-ҳуқуқшуносларга ойлик маош тўланади. Улар ҳар йили 30 кунгача пул тўланадиган таътилга чиқиши мумкин. Стажёр- ҳуқуқшуносларга амалиёт ўташ даврида тегишли баҳо (рейтинг-балл) қўйиб борилади. Бу баҳолар ўз навбатида, стажёр-ҳуқуқшуноснинг келгусида бирор-бир вазифани эгаллашига бевосита таъсир қилади.

Икки йиллик амалиётни ўтаган стажёр-ҳуқуқшунослар Федерал Ер адлия вазирлигида ташкил этилган иккинчи давлат имтиҳонини қабул қилиш махсус комиссиясида давлат имтиҳонини топширади. Имтиҳонлар ҳар йили 1 ноябрдан 1 декабргача ўтказилади. Айтиш жоизки, бу имтиҳонлар икки босқичда амалга оширилади. Ёзма ишдан муваффақиятли ўтганларгина оғзаки имтиҳонга қўйилади. Имтиҳон натижаларидан қониқмаганларга такроран имтиҳон топшириш имкони берилади.

Германияда судья ва прокурор лавозимларига номзодлар одатда, давлат имтиҳонидан муваффақиятли ўтган ва баҳоси, яъни рейтинг баллари энг юқори бўлганлар орасидан танлаб олинади. Бундан ташқари, ушбу мамлакатда судья ва прокурорларнинг малакасини ўзига хос тартибда ошириб бориш тизими ҳам йўлга қўйилган. Шу ўринда 1973 йилда ташкил этилган Германия одил судлов академияси ҳуқуқшунослар малакасини ошириш билан бевосита шуғулланишини қайд этиш жоиз. Академия Триер шаҳрида, унинг филиали эса Берлин яқинидаги Ваструа шаҳрида жойлашган. Академия томонидан ҳар йили судья ва прокурорлар учун ўқув дастурлари эълон қилинади. Ўқув дастурлари Академия кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Малака оширмоқчи бўлганлар ўқув дастурини ўзлари танлайди ва курсларга ёзилади. Курслар семинар, тренинг, конференция ва бошқа шаклларда амалга оширилади. Машғулотларга кўзга кўринган судья, прокурор ва адвокатлар, шунингдек, таниқли олим ҳамда экспертлар жалб этилади.

Ўқув курслари асосан суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар, қонунчиликни қўллаш билан боғлиқ масалалар, янги назарий асосларни ўрганишга қаратилган. Академияда масофавий ўқитиш шаклидаги малака оширишнинг йўлга қўйилгани ҳам ўрнак олса арзийдиган тажрибалардан. Малака ошириш натижалари келгусида судья, прокурор ва бошқа ҳуқуқий соҳалар мутахассисларининг юқори лавозимларга тавсия этилишида ижобий омиллардан саналади.

Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.