Гиннеснинг энг ғалати рекордлари
Истеъдодли ёки кучли бўлмаса-да, бошқалар улардан ўзиб кетмаслиги учун “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киришга бутун вужуди билан берилиб кетган одамлар кўп. Шунинг учун бўлса керак, улар кутилмаган ҳар хил ғояларни ўйлаб топишади.
Бугун сиз учун Гиннеснинг энг ғалати рекордларини танлаб олдик. Биз учун ғайриоддий, бошқа давлатларда эса оддий ҳисобланадиган рекордларнинг ўрнатилгани сизни ҳайрон қолдирса ажабмас.
Энг бой мушук
1988 йилда ёлғизликда яшайдиган антиқа буюмлар сотувчиси Бен Ри 25 миллион долларини Блэки лақабли мушугига мерос қолдирди. Ҳаёти давомида унинг 15 та мушуги бўлган, бироқ Блэки хўжайини ҳаётининг сўнгги кунларини у билан бирга ўтказгани боис бутун бойлик унга ўтди. Ри ўз бойлигининг катта қисмини севимли ҳайвонига қараш бўйича кўрсатмалар бериб, учта хайрия ташкилот ўртасида тақсимлади. Блэки эса “Энг бой меросхўр мушук” сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирди.
Энг катта тиш пастаси тюбиклари коллекцияси
Тиш пастаси тюбикларининг энг катта коллекцияси АҚШнинг Алфарета шаҳрида яшовчи Вэл Колпаковга тегишли. Ушбу рекорд 2012 йилнинг 15 июнида қайд этилган. Тўплам бутун дунё бўйлаб, жумладан, Япония, Корея, Хитой, Ҳиндистон ва Россиядан олинган намуналардаги 2037 хил тиш пастаси тюбикларидан иборат.
Вертолёт ёрдамида энг кўп очилган пиво идишлари
3 дақиқа давомида вертолёт парраги ёрдамида очилган пиво шишаларининг умумий сони 6 тага етган. Рекорд Хитойнинг Венченг шаҳрида 2015 йилнинг 10 декабрида Чжао Янг томонидан “Гиннеслар рекордлар китоби”га ССТВ телеканалидаги "Guinness World Records Special" кўрсатувини суратга олиш пайтида ўрнатилди.
Зинадан бошда кўтарилиш бўйича шахсий рекорд
Зинадан бошда поғонама-поғона кўтарилишнинг энг кўп сони 36 тани ташкил қилади. Бу рекордни хитойлик Ли Лонглонг 2015 йилда ўрнатди.
Ҳаддан ташқари кўз соққаларини дўппайтириш
Ким Гудман кўз соққаларини кўз косасидан 12 миллиметргача бўртиб чиқариши мумкин. Рекорд 2007 йил 12 ноябрда Истанбулда қайд этилган.
Электр дрелда осилган одам томонидан бир дақиқада қилинган энг кўп бурилишлар
Хью Гианг электр бурғуга осилган ҳолда 148 марта бурилишни амалга оширди. Рекорд 2008 йил 23 декабрда Испаниянинг Мадрид шаҳрида “Гиннеснинг рекордлар китоби” теледастури пайтида ўрнатилди.
Виртуал дафн маросимида тўпланган энг кўп одамлар сони
2005 йилнинг октябрь ойида Snowly тахаллуси билан танилган хитойлик геймер (компьютер ўйинлари устаси) қиз "World of Warcraft" оммавий онлайн ўйинини уч кун давомида танаффуссиз ўйнаганидан сўнг ҳолдан тойиб вафот этди. Виртуал дафн маросими ўтказилган ўйин ичидаги соборда у билан хайрлашиш учун 100 дан ортик геймер келди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.