Гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар ИИБ ходимлари нигоҳидан қочиб қутулолмади
Республикамизда гиёҳванд моддаларни экиш, етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ўтказиш-сотиш, истеъмол қилиш, жалб этиш, ишлаб чиқариш жиноят ҳисобланади ва муайян жавобгарликка сабаб бўлади.
Каттақўрғон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими томонидан гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш, уларнинг “фаолияти”га чек қўйиш, таркибига гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликлар экилишининг олдини олиш бўйича махсус чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда таркибига гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликларни етиштираётган ва гиёҳванд моддаларни сотаётган юртдошларимиз аниқланмоқда. Мисол учун, Каттақўрғон тумани Полвонтепа маҳалласидаги Мухтор қишлоғида 1994 йилда туғилган С.Ф. уйи яқинидаги пахта даласининг ариғи ёнида марихуана гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштираётгани аниқланган.
У ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, Каттақўрғон шаҳар, Бобур кўчаси ҳудудида гугурт қутисига қадоқланган 1,94 грамм миқдордаги марихуана гиёвандлик воситасини 50 минг сўмга сотаётган вақтда шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Оқибатда С.Ф. Жиноят кодексининг 270 – моддаси 1 – қисм ва 273-моддаси 2 – қисмда кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, тўпланган материаллар жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилган.
Шунга ўхшаш жиноятни 1975 йилда Каттақўрғон шаҳрида туғилган Баланд чордара маҳалласи, Баланд чордара кўчасида яшовчи Б.Т. ҳам содир этган. У гул экиладиган тувакда гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб, ўзи истеъмол қилиш мақсадида “кент” номли сигарета қутиси ичига қадоқлаб, сақлаган.
Машинада кетаётган Б.Т.нинг чўнтагида сигарета қутиси ичидаги марихуана гиёҳвандлик моддаси Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори томонидан ўтказилган текширув давомида аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Б.Т. Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисм ва 276-моддаси 1- қисмида кўрсатилган жиноятларни қастдан содир этганлиги учун унга айблов эълон қилиб, тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.
М.ЖУМАЕВ,
шаҳар ИИБ фахрийлар кенгаши раиси.