Глобал таълим консорциуми келгуси йилдан Самарқанд халқаро технология университетида MBA дастурини очишда кўмаклашади

CGE президенти Каролйн Бишоп хоним бошчилигидаги Глобал таълим консорциумига аъзо қатор университетлар вакилларидан иборат делегацияси илк бор Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд шаҳрига келди.

Мазкур делегация таркибида CGEнинг АҚШ ва Ҳиндистондаги  Wayland University, Anderson University, Cambellsville University, Reimagine Solutions каби аъзо университетлар вакиллари ҳам бор. Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишдир.

Уч кун давомида делегация аъзолари Самарқанднинг тарихий обидаларини томоша қилди, “Самарқанд-Бухоро ипак гиламлари” фабрикасида бўлди, “Буюк ипак йўли” халқаро туристик марказида сайёҳлик имкониятлари билан танишди.

Шунингдек, делегация аъзолари Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да бўлиб, профессор-ўқитувчи ва талабалар билан учрашди, суҳбатлашди. Олийгоҳда талаба ва профессор-ўқитувчиларга Консорциум фаолияти, халқаро дастурлар ҳамда академик алмашинув имкониятлари таништирилди.

Глобал таълим консорциуми (CGE) нотижорат халқаро ташкилот бўлиб, АҚШнинг 23 дан ортиқ штати, шунингдек, дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатида жойлашган хусусий университет ва коллежларни қамраб олган. Консорциум 1987 йилда Атланта (АҚШ)да Консорциумга аъзо университетлар ўртасида малака ошириш ва касбий тажриба алмашиш орқали сифатли халқаро таълимни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирги кунда CGE 124 мингдан ортиқ талаба ва 7,3 мингдан зиёд бирлаштирган. Эътиборлиси, CGEда SIUT университети нафақат Марказий Осиё минтақасидаги, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги университетлар орасида ягона вакил ҳисобланади.

Учрашувда SIUT профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув дастурларини сертификатлаш ва бу жараёнда CGEнинг қўллаб-қувватлашга доир муҳим мавзулар ҳам ўртага ташланди. Талабалар эса халқаро алмашинув ҳамда Work & Travel дастурлари, бундан ташқари, консорциум томонидан ажратиладиган турли грантлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. CGE вакиллари берилган барча саволларга батафсил жавоб берди. Хусусан, CGE SIUTда ўқитиладиган турли дастурларни сертификатлаш, кейинги ўқув йилидан бошлаб эса университетда MBA дастурини очишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.

Асила ИБРАГИМОВА.