Грецияда оммавий норозилик намойишлари авж олди

Оммавий норозолик намойишлари ўтказиш тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилишига қарши бўлган минглаб греклар норозилик намойишларига чиқди. Намойишлар мамлакатнинг 40 та аҳоли яшаш пунктларида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Lenta.ru хабар берди.

Энг йирик намойиш Греция парламенти ёнида, Афинада бўлиб ўтди. “Янги демократия” ҳукмрон партияси томонидан 9 июнь куни қабул қилинган янги қонунга норозиликларини билдириш учун 10 мингга яқин одам Афина кўчаларига чиқди. Янги қонун намойишлар ўтказилишини бир мунча чеклашни ва бир қатор қатъий чораларни назарда тутади.

Афинада бўлиб ўтган намойиш дастлаб тинч муҳитда ўтаётган эди. Бироқ айрим намойишчилар полиция ходимларига қарата пиротехник воситалар, бензинли портлагичлар ва бошқа нарсалар улоқтира бошлаган. Бунга жавобан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

Euronews телеканали берган маълумотга кўра, 6 нафар полициячи жароҳатланган ва 24 нафар намойишчи ҳибсга олинган.