Грециялик шифокор COVID-19 га қарши «Pfizer» билан эмлангач, реанимацияга тушди

Афина шаҳрининг чеккасидаги шифохона раҳбари ўринбосари коронавирусга қарши вакцина қабул қилди ва бир неча кун ўтгач, ўпка сунъий вентиляцияси учун реанимацияга ётқизилди, деб хабар берди Грециянинг Skai телеканали.

Телеканал маълумотларига кўра, 27 декабрь куни 54 ёшли шифокор коронавирусга қарши эмланган. 30 декабрга келиб унда пастки нафас йўллари инфекцияси аломатлари пайдо бўлди. Оқибатда унинг аҳволи ёмонлашди ва касалхонага ётқизиш талаб этилди. 1 январга келиб шифокорга нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган ва интубация (нафас олиш йўлларининг ўтказувчанлигини таъминлаш мақсадида трахеяга эндотрахеал найча киритиш) қилинган. Вирусга текширув салбий натижа кўрсатди, беморда нафас қисилиши, иситма ва йўтал йўқ эди.

Эмлаш ва шифокорда пайдо бўлган инфекция ўртасида ўзаро боғлиқлик топмадик, дейишди Юнонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари. Хусусан, аллергияга эҳтимоли бўлган касаллик тарихи текширилди.

Клиника ходимининг касалхонага ётқизилиши мамлакатда эмлашга қаршилар норозилиги ошишига сабаб бўлди, дея қўшимча қилинади ахборотда.

27 декабрда Греция “Pfizer”нинг “BioNTech” препаратидан фойдаланадиган "Озодлик операцияси" номли COVID-19 эмлаш кампанияси бошланди. Бу ҳозирча Европа Иттифоқида тасдиқланган ягона вакцина ҳисобланади. Биринчи бўлиб тиббиёт ходимлари, қариялар уйлари ва реабилитация марказларида даволанаётган фуқаролар эмланади.

Вакциналарнинг ҳали тўлиқ ўрганилмагани ва юз фоиз кафолат берилмаётганини бошқа нохуш воқеалар ҳам кўрсатмоқда. 2 январь куни мексикалик шифокор худди шундай эмлашдан сўнг касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Аёлга «энцефаолмиелит» ташхиси қўйилди. Бунгача, 30 декабрь куни, эмлашдан бир неча кун ўтгач, Швейцарияда 91 ёшли бемор вафот этди.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.