“Guardian”да Самарқанд ва юртимиздаги бошқа қадимий шаҳарлар ҳақда йирик мақола чоп этилди
Британиянинг оммабоп "The Guardian" газетасида журналист Мишаль Ҳусайннинг Ўзбекистонга қилган саёҳатига бағишланган мақоласи чоп этилди.
Британиялик журналист ушбу мақоласида онаси билан бирга тарихий илдизлари туташган Ўзбекистон бўйлаб қилган саёҳати тафсилотларини қаламга олган.
"Саёҳат мен учун Марказий Осиё билан шахсий алоқадорлик ҳисси билан бошланди. Негаки, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ислом тарихи ва маданиятида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, она томондан аждодларимиз XIV асрда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган. Бобокалонимиз Амир Кулол XIV асрда буюк саркарда ва йирик империя бунёдкори Амир Темур даврида яшаган", – деб ёзган у.
Саёҳат Хивадан, аниқроғи Ичан қалъа мажмуасини томоша қилишдан бошланиб, ўша машҳур Самарқанднинг Регистон майдонига қадар давом этди, дея қайд этган муаллиф.
"Самарқандда уч томони муҳташам масжид ва мадрасалар билан ўралган майдонни кўрдик. Гидимиз бизни Шоҳи Зинда мажмуасига ва Гўри Амир мақбарасига олиб борди. Самарқанднинг яна бир диққатга сазовор жойи Амир Темурнинг суюкли рафиқаси томонидан қурилган Бибихоним масжидида ҳам бўлдик. 1992 йилда охирги марта бу ерда келганимдан бери Ўзбекистонда қанчалар катта бунёдкорлик ишлари олиб борилганига амин бўлдим. Бироқ, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бугунги кунда ҳам XIV аср охири нафаси ва руҳиятини сақлаб қолган", – дея таъкидлаган британиялик сайёҳ журналист.
Муаллифнинг қайд этишича, Ўзбекистон оммавий туризмдан зарар кўрмаган ва Европанинг бошқа давлатларига нисбатан Буюк Британиядан ташриф буюрувчилар томонидан жуда кам ўрганилган.
Нашрда Чорсу бозори ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчилар эътиборига тақдим этилган ва ўзбек миллий таомларининг унутилмас таъми юксакларга кўтарилган. Журналист гастрономик қатор бўйлаб сайр ва ўзбек кабобининг мазасини алоҳида мақтаган.
"1992 йилда Самарқанд ва Бухорога қилган саёҳатим давомида ушбу шаҳарлар бўйлаб автобусда юрган бўлсам, бу сафар тезюрар поездда масофани икки соатда босиб ўтдим. "Бухорода яшаб ўтган ва ислом оламида катта мавқега эга Етти пир мақбараларини зиёрат қилдик. Етти пир — улуғ авлиёлар орасида Сайид Амир Кулол ҳазратларининг зиёратгоҳлари ва номини кўриб ҳайратда қолдим", – дея қайд этган Мишаль Ҳусайн.
Қайд этилишича, меҳмонлар Бухорода бўлиш давомида тарихий аждодлари Амир Кулол мақбарасини зиёрат қилган. Ушбу жой минтақада яшаган етти нафар буюк сўфий олимлардан бири — Амир Кулол мероси ва хотирасини тиклаш бўйича 25 йиллик саъй-ҳаракатлар натижасида вужудга келган, дейилади мақолада.
"Улар X-XVI асрларда яшаб ўтган Бухоронинг улуғ донишмандлари. Улар қолдирган асарлар замонлар оша одамларни, ёшларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келмоқда, – деб ёзган британиялик журналист. – Бундан ўттиз йиллар аввал Амир Кулол мақбаралари бугунгидек муҳташам кўринишда бўлмаган. Аммо ҳозир Бухоронинг шарқий қисмида жойлашган ушбу зиёратгоҳ ҳудудида кўк гумбазли масжид ва боғ барпо этилган. Илгари бу жойлар оддий қабристон бўлган. Ўзбекистон ўз меросини қайта кўриб чиқа бошлагач, Амир Кулолнинг мақбараси ҳам Етти пир зиёратгоҳи харитасига киритилди".
Муаллиф ўзи ва онаси учун Ўзбекистон шаҳарлари тарихи ҳақидаги маълумотларни етказиб берган гидлардан миннатдор эканини ҳам ёзган. Унинг таъкидига кўра, аждодлари яшаган ота юрт бўйлаб қилинган саёҳат бир ҳафталик унутилмас саргузаштга айланди ва кутилганидан ҳам кўпроқ таассурот қолдирди.
"Ҳеч бўлмаганда, онам энди бизнинг томирларимизда муқаддас қон оқаётганини даъво қилишга ҳақли", – деб ёзган Мишаль Ҳусайн ўз мақоласи интиҳосида.
Британиялик журналист Мишаль Ҳусайн "BBC" телевидениеси ва радиосининг таниқли бошловчиси ҳисобланади. У "BBC Radio 4"да "Today" дастурини олиб борган биринчи мусулмон аёл журналистдир. Ижодкор 2014 йил январь ойида "British Muslim Awards" мукофотининг "ОАВ олдидаги хизматлари учун" номинацияси ғолиби бўлган. 2015 йилда эса Лондон пресс-клубининг "Йил овози" мукофотини қўлга киритган. Мишаль Ҳусайн, шунингдек, "Mosaic" хайрия жамғармаси элчиси сифатида кам таъминланган ёшларга ўз истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашади. Бундан ташқари, у "Skills" китобининг муаллифидир, дея хабар бермоқда "Дунё" АА.