Гурбангули Бердимуҳамедов янги китоб ёзди
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов «Фаровонликнинг нурли қадамлари» номли янги китоб ёзди. Бу ҳақда «Turkmen portal» хабар берди.
Давлат раҳбари ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида мазкур китоб тақдимотини ўтказган. Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, янги китоб оммавий нутқлар тўпламини ўз ичига олади. Унда мамлакат тараққиётининг турли жабҳалари: ташқи сиёсат, иқтисодиёт, маданият, илм-фан ва бошқа соҳалар бўйича фикрлар умумлаштирилади, шунингдек, давлатни янада ривожлантириш бўйича таклифлар баён этилган.
Туркманистон президенти 2021 йили «Оқ шаҳар Ашхобод» ва «Мустақиллик бизнинг бахтимиз» деб номланган иккита китоб ёзган. Шу билан бирга, Бердимуҳамедов туркман тарихи, Ахалтеке отлари, туркман гиламлари, мусиқа, пазандалик, чой, мақол, туркман алабайига оид турли мавзулардаги бир қанча китоблар муаллифи ҳисобланади.
Туркманистон раҳбарининг электрон кутубхонасида 60 дан ортиқ китоб мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти хорижий тилларга таржима қилинган.