“Гуруч курмакдан ажратилади”: Фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда инсон омилидан воз кечилади
Ривожланган давлатлар тажрибасига кўра, меҳнат бозоридаги энг иқтидорли мутахассисларни иш фаолиятига жалб этишда давлат ва хусусий сектор вакиллари ўзаро рақобатлашади. Бунда энг иқтидорли мутахассисларни давлат хизматларига жалб этишда муҳим омил сифатида самарали тизим жорий этилганлиги эътиборли.
Германия, АҚШ ва Япония давлатлари тажрибасида бунинг яққол мисолини кўриш мумкин. Хусусан, давлат хизматчилари учун меҳнатига яхши ҳақ тўланиши, уй-жой олишдаги, тиббий хизмат кўрсатилишидаги, малака оширишдаги ва транспорт хизматларидан фойдаланишда кўплаб имтиёзлар жорий этилган. Шу билан бир қаторда, давлат хизматларига ишга қабул қилишда номзодларни турли хил кўрсаткичлар асосида баҳолаб боришда ўзига хос мактаб яратилган.
Юртимизда ҳам энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига жалб этишда очиқ, мустақил танлов асосида амалга ошириш тизимини жорий этишга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши бу борада энг муҳим қадам бўлди.
Мазкур фармон билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги зиммасига 11 йўналишдан иборат устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларнинг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришда истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ, мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкил этиш ҳамда малакали ва юқори малакали мутахассисларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда кадрларнинг касбга оид сифатларини ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли мутахассисларни давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилиб боришини таъминловчи меритократия тамойили кенг жорий этилмоқда.
Аслида “меритократия” лотин ва грекча сўзлар бирикмасидан ташкил топган бўлиб, лотинчада meritus - муносиб ва грекчада kratos – ҳокимият, яъни давлат хизматига муносиб, қобилиятли шахсни қабул қилиш тушунилади.
Агарда ушбу тамойилни янада соддароқ ва халқчил тилда тушунтирилганда, шахснинг ижтимоий келиб чиқишидан қаъти назар давлат хизматига энг муносиб ва қобилиятли шахсларни ишга қабул қилинишини тушуниш лозим.
Фармоннинг 9-бандига асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига энг истиқболли мутахассисларни ишга қабул қилиш очиқ, мустақил танлов асосида амалга оширилиши тартиби қатъий белгилаб берилди.
Бу эса келгусида иқтидорли ва муносиб мутахассисларни ишга қабул қилишда коррупциянинг олдини олишга, турли хил бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишдаги инсон омилидан воз кечишга, яъни мажозий маънода “Гуручни курмакдан ажратишга” хизмат қилишга олиб келади.
Ш.АЗИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори.