Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати +22 даражагача кўтарилиши кутилмоқда

"Ўзгидромет" хабарига кўра, ушбу ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди илиқ ҳаво массаси таъсири остида бўлади.

Ҳарорат фони нисбатан текис бўлади. Ҳаво ҳарорати асосан кечалари 2-7 даража илиқ, кундуз кунлари 13-18 даража илиқ, айрим кунларда 20-22 даража илиққача бўлади.

Ҳафтанинг асосий қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 22 феврал чоршанба куни баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, шимолий ҳудудлар, энг чекка жануб ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди.

Aйрим жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди.

Жума куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Россиянинг Европа қисми устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массаси кириб келиши бошланади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 24 февраль куни ёғингарчилик бўлади, кундузги ҳарорат 3-6 даража илиққача пасаяди. Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Дам олиш кунлари совуқ ва нам ҳаво массасининг кириб келиши республиканинг барча ҳудудларига тарқалади.