Ҳаж сафари бўйича огоҳлантириш берилди
Дин ишлари бўйича қўмитанинг огоҳлантиришича, айримлар умра визаси, туристик (зиёрат) виза, бизнес виза билан ҳаж қилишни ваъда қилмоқда, бунинг эса мутлақо имкони йўқ.
Қайд этилишича, Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун «Ҳаж-2023» визаси бўлиши шарт.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, чет эл фуқаролари учун ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар (умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар) билан ҳаж тадбирини амалга ошириш Саудия қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган ва тегишли тартибда жазоланади.
Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган Ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган.
«Шундай экан, айримларнинг Ўзбекистон орқали Ҳаж сафарига жўнатамиз, деган алдовларига учманг! Улар фуқароларимизни бошқа давлатлар орқали ноқонуний тарзда олиб кетишга уринишмоқда. Бу эса қонуний асосга эга бўлмаган ва ҳаж ташкил этишга ваколати йўқ кимсаларнинг уринишидир. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, бу каби хатти-ҳаракатлар Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қатъий чора кўрилишига сабаб бўлади», дейилади Дин ишлари бўйича қўмита хабарида.
Муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Маълум қилинишича, биргина 2022 йил Ҳаж мавсумида 500 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси туристик ва бизнес виза орқали Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Ҳаж ибодати майдони «Машоир»га кира олмаганлар. Ҳаж мавсуми арафасида зиёрат виза (туристик) олган ҳолда Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания давлатлари орқали келган 1500 нафарга яқин фуқаромиз эса Саудия Арабистони ҳудудига киритилмаган. Жумладан, 155 нафар фуқаромиз Подшоҳлик ҳаж қонунчилигини бузганлик учун Саудия Арабистонидан 10 йил муддатга депортация қилинган.