"Ҳаммом ўрнида - совуқ павильон, қор ўрнига - пинопласт": "Қушдек енгил бўлинг ёхуд тақдир ҳазили" фильми ҳақида қизиқарли фактлар
Қарийб ярим аср давомида Янги йил кечаси намойиш этиладиган ва юзлаб одамлар юрагидан ўрин олган "Қушдек енгил бўлинг ёхуд тақдир ҳазили" фильми ҳозир ҳам ўз қадрини йўқотмаган ва ҳали-ҳануз Янги йил завқига тўлдириб, томошабинларни чорлашда давом этмоқда.
Иқтидорли режиссёр Эльдар Рязанов ва Эмиль Брагинскийнинг сценарийси бўлган фильм аслида ҳаётдан олинган. Худди фильмдагидек содир бўлган воқеани эшитган икки режиссёр дастлаб уни спектаклда саҳналаштиради. Спектакль муваффақият қозонгач, Рязанов уни экранларга чиқариш ҳаракатига киришади.
Фильмни суратга олиш жараёнида жуда кўп машҳур актёрлар синаб кўрилган. Масалан, рус тили ўқитувчиси - Надя ролини ўйнаган польшалик актрисса Барбара Брильска ўрнига Людмила Гурченко ёки "Ишдаги ишқ" фильмидаги Алиса Фрейндлих ва яна ўнлаб таниқли актрисалар ижро этиши мумкин эди. Бироқ Рязановни бу қиёфа ва характерлар қониқтирмади. Нима қилишини билмай, боши қотганда, польшалик "Севги анатомияси" мелодрамасида бош ролни ижро этган Барбара Брильска эсига тушади.
Комедияда бош роль ижро этган Андрей Мягков ҳам тасодифан, аммо машаққатли изланишлардан кейин пайдо бўлган. Унинг ҳам ўрнига жуда кўп машҳур актёрлар - Андрей Миронов, Пётр Вельяминов сингари актёрлар таклиф қилинган. Унчалик танилмаган, комедияга мос келмайдиган Мягковни режиссёр дастлаб умуман назарига илмайди. Аммо биринчи синовданоқ у излаган қаҳрамонини топганини тушунади.
Қизиқарли фактлар:
* Самолётда маст Лукашин бошини қўйган асабий йўловчи Режиссёр Рязановнинг ўзи эди.
* Женя ва унинг дўстлари гўёки "ёғдай" эриб ўтирган ҳаммом аслида "Мосфильм"даги совуқ павильон бўлган. Совуқдан актёрлар "қиттак-қиттак" отишган ва "ҳаммом" саҳнасида ҳақиқатан "маст"роқ бўлишган. Буни сезган Рязанов ишни тўхтатмоқчи бўлади, аммо ўртоқлар қанчалик ҳақиқий ўйнаётганини кўриб суратга олишни давом эттиради.
* Фильмда жозибали қўшиқларни Надянинг ўрнига Алла Пугачёва ижро этган.
* Фильмда режиссёр принципларига ҳиёнат қилмаган ҳолда имправизацияга йўл беради. Шундай қилиб Иппалит ролини ўйнаган Юрий Яковлев ваннада совуқ сувда чўмилаётиб, кутилмаганда илиқ сув келиб қолганда "иссиқ сув келди" иборасини сценарийдан оғишиб айтади.
* Фильм суратга олинаётган 1975 йилда қор кам ёққан эди. Айниқса, Ленинградда қор умуман бўлмаган. Декораторлар роса "терлаши"га тўғри келади. Томошабин экранда қор кўриши учун майдаланган қоғоз, пенопласт ишга тушади, бино томларида эса пахта тўшалади. Одамлар эса ҳайрон, нега аптекаларда пахта камёб бўлиб қолди деб.
Шундай қилиб "юқори"дагиларнинг "ўткир" танқидларидан ўтган фильм ярим йил ўтиб, 1976 йил 1 январда телеэкранларга чиқди. Фильм тугашидан атиги бир неча дақиқа ўтар-ўтмас Рязановга телеграмма, қўнғироқлар кела бошлади.
Гулнора Холдорова тайёрлади.