Ҳамшираликка ишга киритиб қўйиш эвазига пул талаб қилган фирибгарлар тиббиёт ходими эмас

Кеча, 2 декабрь куни Zarnews.uz сайтида “Самарқандда ҳамшираликка ишга киритиб қўйиш эвазига 800 доллар талаб қилган шахслар қўлга тушди” сарлавҳаси билан хабар тарқалди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати тарқатган ушбу хабарга кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида ишловчи “Р” ва “А” исмли шахслар Н. исмли фуқарони ҳамшираликка ишга киритиб қўйиш эвазига 800 АҚШ доллари талаб қилганлиги ва ўтказилган тезкор тадбир вақтида ушбу шахслар ариза муаллифидан 800 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинганлиги айтилган.

Қўлга олинган ҳар иккала шахс хабарда кўрсатилганидек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида фаолият юритмаслигини маълум қиламиз.

Шу боис вилоят ИИБ ахборот хизмати масъулларидан масалага чуқурроқ ёндашган ҳолда, воқеа тафсилотлари билан яқиндан танишиб чиқишларини ва мазкур хабарга тузатиш киритишини сўраймиз.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали маъмурияти.