Ҳамза ким эди: даҳрийми ёки диндор, миллатпарвар жадидми ёки большевикларга сотилган зиёли?

Қадимги мисрликларда “Бир одамни икки марта ўлдириб бўлмайди” деган мақол бўлган. Дунёнинг атоқли ҳуқуқшуносларидан бирининг фикрига кўра, ушбу мақол халқаро ҳуқуқнинг “Бир жиноятга икки марта жазо тайинлаш ножоиз” деган ниҳоятда муҳим тамойилларидан бири учун асос  сифатида хизмат қилган. 

Балки дунёнинг бошқа ҳудудлари ва аксарият одамларга нисбатан шундай бўлгандир. Аммо, яқин ўтмишимизнинг ёрқин сиймоларидан бири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга нисбатан бу мақолни ҳозирча қўллаб бўлмайди...

Адабиётшунос Салоҳиддин Мамажоновнинг истиқлолнинг  илк йилларида “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида чоп этилган “Ҳамза ва жадидчилик” мақоласида таъкидланишича, Октябрь воқеасидан сўнг барча жадидлар – Мунавварқори, Фитрат, А.Қодирий, Чўлпон, А.Авлоний, Ҳамза – ҳамма-ҳаммаси шўролар ташкилотларида ишлай бошладилар, шу инқилобда ўзларининг орзу-армонларининг рўёбга чиқишига ишондилар. Кўп ўтмай фуқаролар уруши даври бошлангач ва майда миллатларга миллий мустақиллик, эркинлик берилмаяжагини сезишгач, булар ўйлаган нарсалари сароб бўлиб чиққанлигини билдилар ва кўпчилиги халқ озодлиги учун курашувчилар томонига ўтдилар.

Шўро ҳукумати фуқаролар уруши тугаб-тугамай бирин-кетин бу зотларни қувғин қилиб, қамай бошлади ва кўп ўтмай улар қатл этилдилар. Ҳамза эса бирор жойда қўним билмади, унинг учун бирор жойда муқим, тинч ишлашга имкон берилмади. Унинг диққатида нозу неъматни яратувчи ишчи-деҳқонни улуғлаш, хотин-қизларни эркка, ўзининг инсонийлигини намойиш қилишга чорлаш ва айниқса маърифат, маданиятни мадҳ этиш туради. Ушбу иқтибос муаллифи назарида Ҳамза барча мулки ва иқтидорни халққа бағишлаган, миллат тақдири ҳақида куюниб ёзган, бутун эътиборини жаҳолатга қарши курашга қаратган зиёли инсон бўлган.

Баъзилар Ҳамзанинг совет идораларида ишлагани, унга  1926 йилда Фарғонада бўлиб ўтган, Фитрат ва Чўлпонга “миллатчи” деган айб қўйилиб, чиқариб юборилган анжуманда “Ўзбекистон халқ мухбири” унвони берилгани уни қатағондан қутқариб қоларди, деб ҳисоблашади. Аслида большевиклар ҳокимиятини ўрнатганидан кейин Лениннинг “Буржуа мутахассисларидан фойдаланиш концепцияси” амалга оширилгани ва Ҳамза каби унинг кўплаб издошлари ҳам шу йўлдан боргани, 30-йилларнинг қатағони эса уларни четлаб ўтмагани маълум. Масалан, Афғонистондан қушбеги лавозимини ташлаб, юртига келган 70 ёшли  Муҳаммадшариф Сўфизодани Ҳамза билан бир кунда лойиқ кўрилган “Ўзбекистон халқ шоири”  унвони ҳам қутқариб қола олмагани бунинг яққол мисолидир. 

Профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг “Халқ сўзи” газетасининг 2014  йил 23 август сонида чоп этилган “Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш – муҳим маънавий вазифамиздир” мақоласида бу борадаги ёндашувларнинг яна бири акс этган. Унда қайд этилишича: “Ҳамза Ҳакимзода ўз вақтида лирик шеърлар, ғазаллар, маърифий китоблар, драмалар муаллифи сифатида танилган. Айни пайтда у юртимизда шўролар ҳокимияти ўрнатилганидан сўнг мустабид тузум мафкурасининг курашчиси ва тарғиботчисига айлангани, вафотидан кейин эса узоқ йиллар давомида “ўзбек совет адабиёти ва маданиятининг асосчиси” каби баландпарвоз таърифлар билан сохта улуғлаб келингани ҳам ҳақиқат”. Бу ёндашув тарафдорлари Ҳамза “шўро мафкураси куйчиси”га айлантирилгани ва асосан большевикларга хизмат қилган шахс сифатида талқин қилинганини афсус билан қайд қиладилар.

Ҳамзанинг диндор ёки даҳрийлиги масаласида ҳам икки хил ёндашув бор. Биринчиси, асосан совет даврида Ҳамзани атеист, динга қарши курашган киши сифатида кўрсатиш ҳаракати устувор бўлган. Ўз навбатида бу Ҳамза шахсини ва унинг фаолиятини советларча сохталаштириш, адиб вафотидан кейин ундан ўзига хос социалистик атеизм мафкураси манфаатлари йўлида фойдаланишга интилишнинг яққол намоён бўлишидан бошқа нарса эмас. Бундай қараш тарафдорлари мустақилликдан кейин анча камайиб боргани ва ана шу жиҳат эса кейинги йилларда Ҳамзанинг иккинчи бор “ўлдирилиши” учун асос бўлгани айни ҳақиқатдир.

Аслида Ҳамза хат-саводини мадрасада чиқарган, ислом арконларини ниҳоятда яхши эгаллаган ва уларга бутун умри давомида итоат этган, эътиқоди мустаҳкам инсон  эди.

У 1911 йилда, яъни 23 ёшида исломнинг асосий арконларидан бўлмиш ҳаж амалини адо этган, айрим кишилардай кўплаб гуноҳлар қиладиган, бировлар ҳақини муттасил еб тўймаган ва пировардида гуноҳимни ювиб келай, деган чучмал тушунчалар билан ҳажга  борадиган ғофиллардан эмасди.

Ҳамза Шоҳимардонда хурофот аҳлининг думини туккани айни ҳақиқат ва унинг бу иши советлар даврида динга қарши курашчи сифатида талқин қилинган.

Бу борадаги фикрлар таҳлилига киришмасдан, ҳамзашунослик бўйича йирик мутахассис-олимлар Лазиз ва Азиз Қаюмов, С.Мамажонов ва Й.Солижоновларнинг маълумотларига кўра фикр юритсак, юқоридаги саволларга  бир қадар жавоб топгандек бўламиз.  

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1889 йил 7 мартда туғилиб, 1929 йил 18 мартда Шоҳимардонда ҳалок бўлди. Отаси Ибн Ямин Холбой ўғли Муқимий, Фурқат каби алломалар билан маслакдош бўлган замонасининг илғор зиёлиларидан эди. Онаси Жаҳонбиби Рабибой қизи табобатдан хабардор саводли аёл бўлган. Ҳамза аввал эски мактаб ва мадрасаларда ўқиб араб, форс, турк тилларини мукаммал билган. Рус-тузем мактабларида эса рус тилини ўрганишга муваффақ бўлган. Ҳамза 1903—1904 йиллар орасида 197 та шеър ёзиб, уни «Девони Ниҳоний» номи билан чоп эттиради. Ундаги шеърларда ўз халқининг ҳимоячиси, зулмга қарши исён кўтарган ёш адиб сифатида намоён бўлади. У демократик адабиётнинг ёш бир вакили сифатида кўзга ташланади.

Ёшлиги табибчилик билан шуғулланувчи отасининг хон саройига таклиф қилиниши муносабати билан Қўқон шаҳрида ўтди. Бу шаҳарда яшаётган рус болалари билан дўстлашди, рус тилини ўрганди. Улар орасидан бир рус қизини севиб, унга уйланди. Гарчи, қизни отасининг ёрдами билан ислом динига ўтказиб, шариат қоидаларига кўра никоҳ ўқитиб уйланган бўлса-да, дин пешволарининг қаҳр-ғазабига учради. Охири ўзини оқлаш учун ҳаж сафарига отланиб, Макка ва Мадинани зиёрат қилиб келди. Аммо шунда ҳам уни тинч қўймадилар. Жамиятда, ҳаётда юз бераётган янгиликларни куйлагани, замондошларини илм-маърифатга чорлаб, янги усул мактаблари очгани, газета-журналлар нашр қилиб, халқни ўз ҳақ-ҳуқуқини англашга, ўзини миллат сифатида таниб, тили, тарихи, динини асрашга, эрк ва озодликка, саводли бўлишга даъват этгани учун тағин қаршиликка учради (1913-1918 й.). Бироқ бу қаршиликларга қарамай, қаерда, қандай вазиятда бўлмасин, илм-маърифат нури билан халқининг кўзини очишга ҳаракат қилаверди. Болалар учун Тошкент, Қўқон, Марғилон, Наманган, Фарғона, Хива, Хўжайли шаҳарларида янги усул мактаблари, интернатлар очди, катталарни саводли қилиш ниятида ўқув машғулотлари ташкил этди.

Бу борада Ҳамза ХХ аср бошларидаёқ Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунаввар қори, Ибрат ва Сўфизодалар қаторида таниқли маърифатпарвар, истеъдодли ижодкор сифатида тилга тушади, маърифатпарвар адиб сифатида намоён бўлади. Бу соҳадаги фаолияти уч йўл билан амалга оширилди. Аввало, етимлар мактабини очиб, муаллимлик қилади. Лазиз Қаюмовнинг “Шоир ва гражданин” рисоласига кўра,   мазкур мактаблар учун «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби», «Қироат китоби» каби дарсликлар ҳам яратади. Ва, ниҳоят, ўзининг шеър ва драмаларида, публицистик мақолаларида ўз халқини маърифатга чорлайди. Шу мақсадда унинг 1914 йилда «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» каби рўзномаларда, «Оина» жаридасида маърифатга чорловчи очерк ва публицистик мақолалари чиқади. Унинг «Бидъатми, маъжусиятми?» (1914) очерки шулар жумласидан эди. 1915—1916 йилларда нашр этилган «Миллий ашулалар», «Оқгул», «Қизил гул», «Пушти гул», «Сариқ гул» каби шеърий тўпламларида ва «Янги саодат», «Учрашув» каби романларида ана шу маърифатга чорлов асос бўлган. Шунингдек, унинг «Илм ҳидояти», «Нормуҳаммад домланинг куфр хатоси», «Ўч» ва «Заҳарли ҳаёт» (1916) каби илк драмаларида ҳам зулм ва хурофот авж олган даврда ўз халқининг илм-маърифатга интилишини улуғлайди. Айни чоғда хотин-қизлар озодлигини куйлайди. 

Ҳамзанинг 1917 йилга қадар бўлган фаолияти ва ижоди ўз даври маданий-маънавий ҳаёти, маърифатчилик ва жадидчилик таъсирида шаклланиб, унинг фаол иштирокчиси бўлганлиги, мустамлака зулмига қарши халқ орасида маърифат тарқатиш йўлида тинимсиз кураш олиб борганлигини кўрсатади.

У жадидларга эргашди ва жадидчиликнинг илғор вакилларидан бирига айланди.

Ҳамза дарсликлар ёзиб, янги услубдаги мактаб очиб, журналлар чиқариб жадидчиликни тарғиб қилиш билан чекланмади, балки ўзининг бадиий асарларида жадидчилик руҳини кенг, дадил ва теран тарғиб этди. Маълумки, жадидчиликка рус мустамлакачилари ҳам, бойлар ва мутаассиб руҳонийлар ҳам қарши турган. Шунинг учун Ҳамза ўз асарларида ана шуларга қарши кураш олиб борди. «Заҳарли ҳаёт» драмасида Марямхон «Шариатда жабр ҳаром!», «Шариатда адолат бор», «Исломият ўлмайди», дейди. Ҳамза «пора олиб, диндан кечиб» халқни алдаганларни «миллат ҳисси йўқ экан» деб таъкидлайди.

Ҳамза ижодида 1916 йилги мардикорликка олиш тарихи ҳам ўз изини қолдирди. Унинг «Сафсар гул» (1917) шеърий тўплами ва «Лошман фожиаси» (1916-1918) трилогияси шу жиҳатдан муҳимдир. Шу туфайли таъқибга учраб, адиб 1917 йиллар бошидан охиригача Туркистон ва Тошкентда яшайди. Бу даврда унинг «Тошкентга саёҳат» (1917) комедияси юзага келади. Ниҳоят унинг «Бой ила хизматчи» драмаси (1917) яратилади. 1917 йилда чиқа бошлаган «Кенгаш» ойномасида ҳам фаоллик кўрсатади. 

1917 йил феврал воқеаси муносабати билан ёзган мақоласида Ҳамза бундай дейди: «Мана бу кун ҳақиқатан, ҳуррият воситаси билан эски хоин ва золим, мустабид ҳукумати 50 йилдан бери бўйин, қўл ва оёғимизга сезимсиз солуб келган умрлик оғир занжирларни қўлга кўрсатуб ечди, халос қилди. Бу ҳақиқат, мусовот воситаси била, бир тараф, золим амалдорлар, иккинчи тарафдан, раҳмсиз, шафқатсиз талончилар темир тирноғи остида пўстлари бутун сидирилуб, юраклари эзилуб, чўкуб хонимонларидан ажроб келуб турган мазлум, ноҳақ фақиру бечора, етим, ғарибларнинг бургутларнинг панжаи маргидан раҳо қилди… Бу кун Остроумов, Ильминский кабиларнинг тарбиясида яшаган ва анинг маслакига хизмат этувчи, ватандаги ўз орамиздан чиққан дин хоинларини хиёнатларин ҳақиқат майдонига отур. Ноҳақларни шарманда ва марнигун қилур».

1917 йил 25 апрелда «Улуғ Туркистон» рўзномасида Ҳамзанинг «Туркистон мухториятина» номли шеъри босилади. Унда «Тўрт юз йиллик Романовлар» сулоласининг тахтдан ағдарилиши ва рус-буржуа демократик инқилобининг ғалабасидан мамнунлик сезилади. «...1917 йилнинг 28 майида Қаландархонада тўрт юзга яқин рабочийларни тўплаб, зўр намойиш»га бошчилик қилади. Ўша йилнинг октябр ойларида эса буткул инқилобий курашга ўтади. Шу даврда унинг «Шундоқ қолурму, қолурму?», «Мухторият ва автономия» каби асарларида шу ҳол кўзга ташланар эди.

Ҳамза ўз асарларида ҳуррият, бахт-саодатга бирлашиш, ўқиш-ўрганиш, меҳнат ва кураш орқали эришиш мумкинлигини таъкидлаб: «Бирлашсун эмди бошимиз, маслакда қарши ёшимиз», «Бирлашинг, Туркистон!», «Қўл ушлашинг, бирлашинг эмди, Туркистон!», «Ҳақ йўлида жон берсак, бўлсак миллат қурбони», дейди. 1917 йили ўрталарида ёзган «Уён Ватан» шеърида Ҳамза «Эй Ислом эли! Бу кун миллатга ўлсун ҳарна ҳимматимиз!», «Битди истибдод! Етсун ҳуррият! Битсун назорат, қуллик, асорат!» деб ҳайқиради.

Баъзи маълумотларга кўра, Ҳамза Туркистон мухторияти бошқаруви фаолларидан бири бўлган. Унинг маориф ва театр труппаларини ташкил қилиши, янгиланиш (жадидчилик) ҳаракатлари, саҳна асарлари устаси, шеър ва қўшиқлари ва бошқа ишлари билан ўша вақтда кўзга кўриниб қолган. 

Туркистон мухторияти большевиклар бошлиқ қизил аскарлар томонидан қирғин қилинганидан кейин Ҳамза Қозоғистонга қочиб ўтади. Бир қанча вақт яшириниб юради. Ўша вақтларда ёш совет давлати зиёлилар дастагига муҳтожлик сезади ва Ҳамзани қандай бўлмасин советларга хизмат қилдириш йўлини излай бошлайди. Охири Ҳамза бошқа илож тополмагач, қайтади. Табиийки, кейинги ишлари советлашган – большевиклашган зиёлилар назорати остида ўтади. Асарларини ўзлари истаганча таҳрир қиладилар ва шу таҳрир билан нашр қила бошлайдилар. Унинг номига ва номидан кўп уйдирма ишлар тўқилади. Мусулмонлар кўзига уни диндан қайтган ва кофир қилиб кўрсатишга уринадилар.

Ҳамза Ҳакимзоданинг умр китобида энг омадли давр ҳам, омадсиз йиллар ҳам ўтган асрнинг 20-йиллари бўлди десак, хато бўлмас. Октябрь тўнтаришининг дастлабки йилларида аллома ижод ва ижтимоий ҳаётда ниҳоятда фаоллик кўрсатди. ХХ аср аввалидан юртининг озод, халқининг маърифатли бўлишини астойдил истаб, амалий фаолиятга киришган Ҳамза дастлаб февраль, кўп ўтмай рўй берган октябрь тўнтаришларини шоду хуррамлик ва катта орзу-умидлар билан қарши олгани рост. Айниқса, шўроларнинг халққа ер, тинчлик, миллатларга ўз тақдирини ўзи ҳал этиш ҳуқуқини бериши тўғрисидаги қип-қизил шиорлари унинг айни кўнглидаги орзуси эди. Шунинг учун Ҳамза ҳам ҳаммаслаклари Авлоний, Фитрат, Қодирий, Чўлпон сингари ана шундай “халқпарвар, илмпарвар, адолатли” ҳукуматга астойдил хизмат қилишга киришди. Ўз ташаббуси билан кўплаб мактаблар, курслар очди, ҳукумат топшириғига кўра махсус ташкил этилган 2-агитпоездда бутун республика бўйлаб, инқилоб берган “озодлик”ни тарғиб қилди. Ҳамзанинг ижтимоий фаоллигини кўрган ҳукумат уни янада рағбатлантириш, ўз “одами” қилиб олиш ниятида мамлакатда биринчи бўлиб унга “Ўзбекистон халқ мухбири” унвонини берди, бир умрлик пенсия тайинлади (Ўзбекистон Марказий ижроия қўмитасининг 1926 йил 27 февралдаги қарори). 

Бундан руҳланган Ҳамза   янада астойдил ишга киришди, ўзини энг хавфли жабҳаларда иш олиб боришга масъул деб билди. Й.Охунбобоев ёрдамида Шоҳимардонга келди, ўзини ўтга-чўққа урди, эҳтиёткорликни унутди. Бунинг учун фитна қурбони бўлди. Албатта, унинг барча ишлари ҳам осонликча битавермаган. 

Гарчи ҳукумат топшириғи билан юрган бўлса-да, анча-мунча чеклаш ва тазйиқларга учради, оч-наҳор, уй-жойсиз, ойликсиз ишлашга мажбур бўлди. Унинг 1920-29 йиллар оралиғида турли ҳукумат ташкилотларига, расмий раҳбарлар ва дўстларига ёзган мактубларида драмтруппа аъзолари учун маблағ ажратилмаётгани, улар оч-наҳор ишлашга мажбур бўлаётгани, Хўжайлида ташкил қилган мактаб-интернат ўқувчиларига яратилган шароит нобоплиги, уларга озиқ-овқат, кийим-кечак етишмаётгани, ўзи ҳам вақтида ойлик-маош ва пенсияни ололмаётгани, бунинг устига улар ой сайин камайиб кетаётгани туфайли оила аъзоларини боқиш, кийинтириш, шахсий турар-жойи бўлмаганидан ижара ҳақини вақтида тўлай олмаётгани аён бўлади.

Мактубларнинг аксарияти республика ижроия қўмитасига, касаба шўросининг хўжалик шўъбасига, Бухоро, Фарғона округлари фирқа қўмиталарига, Охунбобоев, Ўлмасбоев сингари раҳбарларга йўлланган. Булар орасида айниқса, Ўлмасбоев номига юборган хатида (1928 йил 5 февраль) “уйимда бир сиқим ун, бир қабза ўтин, эйнимда на оилам, на болам учун бир тўн йўқ. Изиллашиб пул сўрасак, бизга тескари қарайдилар. Мана шундай воқеалар ўн йиллардан бери минг қабат бўлиб” кетганини ёзадики, беихтиёр унинг аҳволига ачиниб кетасиз. 

Фарғона округи фирқа қўмитасига ёзган аризасида эса (1927 йил 5 сентябрь) “ҳозирда кўрган кунларимни итлар кўрмасдир. Кеча халқ алломаи исмини олиб, то бу кун ўз пулимга бир жой эгаси бўла олмай кўчада қолишим Ўзбекистоннинг обрўсига таъсир этмаслигини тушуниб, унинг учун мен тоқат қила олмайман” деб ёзади. Шу йили 2 сентябрда “Қизил Ўзбекистон жумҳуриятининг V ҳайъат анжумани шўъбасига” йўллаган аризасида шўро ҳайъатидан “синиқ гавдаларимизни кўтариш, қаршимиздаги ички ва ташқи қора кучлар олдида юзимизни ёруғ” қиласиз деб ўтиниб сўрайди.

Фақат мактубларидагина эмас, публицистик мақолалари, бадиий асарларида ҳам Ҳамза Ҳакимзода шўро сиёсатига муносабатини билдириб ўтади. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, ижодкор дастлаб асарларига сарлавҳа танлашда ҳукуматга муносабатини билдиришга интилгандек туйилади.

Жумладан, “Лошмон фожиаси”, “Фарғона фожиаси” деб аталган драматик трилогия ва тетралогиялари сарлавҳасида ана шундай ишорани сезиш мумкин. Масалан, Лошмон жой маъносини эмас, балки “лош - ўлик тана, мурда, жонсиз тана, жасад парчаси” маъноларини англатиб, қизил аскарлар қонхўрлиги туфайли юрт қабристонга айланганига, парчаланиб кетаётганига, Фарғона оғир фожиани бошидан кечираётганига ишора қилади. Шу асарининг “Истибдод қурбонлари” номли 3-бўлимида начальник тилидан очиқчасига “буларни шундай қора меҳнатлар била эзуб битирмоқ керак. Чунки агар булардан ғофил қолинса, албатта, замони келур, бир кун бизга кутилмаган иккинчи бало бўлуб чиқувлари шубҳасиздир. Шунинг учун мана шундай фурсатлардан истифодасиз бўлмай, зиёлик фирқаларидан тортуб, секин-секин йўқ эта бориш керак”, деган фикрни илгари суриш билан шўро ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини фош қилади.

Кейинги йилларда Ҳамза Ҳакимзода ҳалокатининг тафсилотлари тўғрисида ҳам янги маълумотлар топилди ва эълон қилинди. Мустақиллик шарофати билан 70 йил мобайнида сир тутилган суд материалларини ўрганиш натижасида унинг шайхлар томонидан тошбўрон қилинмагани аниқланди. Фарғоналик ҳуқуқшунос М.Шералиев “анча йиллардан буён Шоҳимардонда яшаб, у ердаги кексалар билан суҳбатлашувлар, айрим архив ҳужжатлари билан танишиш жараёнида Ҳамза Ҳакимзода ҳалокатининг сабабларини очишга, бу сирли ўлим юзасидаги пардани кўтаришга” муваффақ бўлди. Унинг ёзишича, “Ҳамзани икки киши – Болта ўғри билан Ёдгор ўғри ўлдирган. Қотилликка маиший асосда келиб чиққан тўқнашув сабаб бўлган”. Бундан Шўро ҳукумати усталик билан фойдаланиб, динни таъқиқлаш, руҳоний уламоларни йўқ қилиш, халқни қўрқитиб олиш мақсадида фойдаланган.

Қатағонга асос ҳам етарли эди. Маълум бўлишича, Ҳамза Ҳакимзода ўлдирилишидан бир неча ой муқаддам Шоҳимардондаги бир гуруҳ уламолардан Йўлдош Охунбобоев номига ариза тушган, унда алломанинг Шоҳимардонда амалга ошираётган ишлари ва хулқи қишлоқ аҳли орасида норозилик туғдираётганини айтишиб, уни эҳтиёт қилиш учун бу ердан чақириб олиш лозимлигини илтимос қилган эдилар. Айнан шу мактуб Шўро ҳукумати учун Ҳамзага қарши уюштирилган суиқасдга далил бўлиб хизмат қилди. Тез орада қатағон машинаси ишга солинди ва 60 киши қамоққа олинди. Суд ҳукмига кўра, “Ҳамзани тошбўрон қилиб ўлдирган шайх”лардан 5 киши отувга, қолганлари турли муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.  

Ўтган юз йилдан кўпроқ вақт мобайнида Ҳамза фаолияти ва ижодий мероси турли мезонларга кўра ўлчаб келинди, ҳар хил фикрлар айтилди. ХХ асрнинг 10-йилларидан 30-йилларигача Ҳамза ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, маърифатпарварлик соҳасида ҳам, жадидчилик ҳаракатида ҳам ниҳоятда фаол бўлди. Вафотидан кейин эса ўн йил давомида шахс сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам унутилди. Ҳеч ким уни эсламай қўйди.

40-йиллардан бошлаб бирданига янги ўзбек адабиётида биринчи “инқилоб куйчиси”, социалистик реализм методининг асосчиси деб тан олинди ва кўкларга кўтарилди. 90-йилларга келиб, Ҳамза инқилобни куйлагани, “Бой ила хизматчи” драмасида революционер Ғофир образини яратгани учун айбдор деб топилди ва унинг номини адабиёт тарихидан ўчириб ташлашга чақириқлар янгради.

Бу ҳақдаги асл маълумотлардан бохабар бўлган бугунги ўқувчи ХХ аср бошларидан 30-йилларигача ўзбек тафаккури ривожи ва янгиланишида муҳим ўрин тутган Ҳамза Ҳакимзода ҳақидаги ҳақиқатни билолмайди, албатта. Хўш, Ҳамза ким ва қандай ижодкор? Унинг “инқилобий” (аслида маърифатга, озодликка чақириқ) руҳдаги асарлари нимани англатади? – каби саволларга ўша давр воқеликлари кўзгуси орқали қарашгина асл ҳақиқатни намоён қилади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ҳамзанинг ҳаёти ва фаолияти Туркистонда XX асрнинг бошидаги умумий маънавий ўзгаришлар, илғор  ижтимоий-фалсафий фикрлар, жадидчилик ҳаракати ривожи даврига тўғри келади. У ўз ижоди билан ўзбек миллий тафаккурининг тараққийси, ундаги халқчил ғояларнинг борган сари ривож топиб боришида, янги авлод вакиллари таълим-тарбиясида муайян аҳамиятга эга бўлди, дейиш мумкин. 

Айни шу масалада   Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг "Ҳуррият" журнали 1917 йил 1-сонида босилган Туркистон мухториятига бағишланган "Букунги қадрлик кун" мақоласидан қуйидаги ниҳоятда ибратли иқтибосни келтириш билан у ҳақдаги фикрларни мухтасар этиш мумкин: "Ҳой, аҳли ватан, букун хизмат куни экан. Ким миллатни суюр, ким динга хизмат қилмоқ истар? Ким Тангрисин ризолиғин, ким руҳи пайғамбарин шод бўлурини истар, ким маҳшарда "Ислом миллатига на хизмат қилдинг?" деган хитобга сарнигун бўлмовни, сукутда қолмовни истар экан, уламоми, бойми, гадоми, ёшми, қарими – келсун, бу хизматга отилсун. Масъулиятни ўзидан кўтарсун. Букун – тижорат куни эмас, букун – саёҳат куни эмас, букун – иш эмас,   букун – мен катта, сен кичик, сен бой, мен бечора, биз уламою сиз авом дейдурган кун эмас. Букун – иттифоқ ўрнига нифоқ, садоқат ўрнига адоват қиладурган кун эмас. Яна қичқуриб айтурмиз, ҳой, биродарлар, букун – хизмат куни, букун – иззат, ҳурмат, даража ва мартаба талаб этув куни эмасдур. Онглаш куни! Фидокор ёшлар! 700 минг халқимиз тарафиндан 20 минг халқ шаҳодати билан ҳануз жасади вужуд оламига кўчмаган миллион-миллион авлоди исломни келажакдаги ҳуқуқини тайин этувни ўз устингизга олдингизми? Бошқалар ҳам олди. Лекин сиз қараб турманг, ҳамон ўз вазифангизни адо этмоққа киришинг, ўз манфаатидан кечувчи сиз бўлуб кўрунмакдасиз, ҳамон давом этинг, эртаги товуққа олдануб, бу кунги тухумдан ҳам ўзингизни ва ҳам мустақбил авлодингизни маҳрум қилманг. "Хизмат – ўлмас мол" каби муқаддас боболаримизнинг гавҳардек қадрли ҳикматли сўзлари ёдингизда бўлсин!". 

Ҳамза бор-йўғи қирқ йил яшади. Аммо шу қисқа умрининг ярмидан кўпини халқига, миллатига, ўз шахсига, шаънига, оиласига, ижодига қилинган турли бўҳтону иғволарга қарши ҳақиқатни тиклаш учун курашга сарфлади. Юқорида фикрларидан фойдаланганимиз академик С.Мамажонов қайд этганидек, Ҳамза бутун умри давомида “зўр бериб ҳақиқат йўлини қидириб” ўтди. Олимнинг ёзишича, Ҳамзанинг “бутун шеърияти, бадиий ижоди юксак идеал билан – озодлик ғояси билан суғорилган эди”. Чиндан ҳам адабиётга “Ҳақиқат кимда?” (1908 йилда яратган романи назарда тутиляпти) деган савол билан кириб келган ижодкор то ўлгунича шу саволга жавоб излади, аммо унга жавоб тополмай ярим йўлда ҳалок бўлди.

Менга келганда эса, кейинги йилларда ҳар сафар Ҳамза ҳақида гап кетганида   машҳур аллома Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асаридан жой олган Имом Шомил ҳақидаги шеър хаёлимга келаверади.

Маълумки, Шомил 20 йил  давомида Доғистоннинг душманларига бўйсунмади. Бу йиллар орасида ғанимлар ўқидан 18 марта яраланди, лекин таслим бўлмади. Ўша даврда бор-йўғи юз минг кишидан иборат бўлган ва бир неча қишлоқларда яшаган Доғистонликлар ўз Имомига хиёнат қилмади, уни душманларга тутиб бермади...

Расул Ҳамзатов эса ёшлик қилиб ва ўз даври мафкураси таъсирида ёзган бир шеърида Имом Шомил танқидига бағишланган мисралар битди... Улғайгани ва ўзлигини англаганидан кейин ёзилган “Менинг Доғистоним” асарида эса ўз қилмишидан пушаймон бўлганини маъжозий маъноларда ифодалади. Унга кўра, рутубатли тунларнинг бирида шоирнинг тушига кирган Имом Шомил танасига душманнинг 18 та ўқи теккани, аммо уларнинг бирортаси ҳам ўз миллатига мансуб Расул Ҳамзатовнинг мисралари каби заҳрини қолдирмаганини афсус билан сўзлайди.  

Нима қилиб қўйганини кеч англаган шоир эса ўз асари орқали тавба-тазарру қилар экан, бир неча бора отаси Цадаса Ҳамзатнинг “Шомилга тегма, агар  тегсанг, у сени ўлганингча қўйиб юбормайди” деган сўзларини афсус билан такрорлайди. 

Бизнинг тарихимизда ҳам шундай зотлар борки, уларга тегиш, руҳини безовта қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Мабодо тегсангиз нафақат ўлгунингизча, балки  ўлганингиздан кейин ҳам қўйиб юбормайдиган ана шундай зотлардан бири айнан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бўлса ажаб эмас... 

Менинг назаримда, Ҳамза бутун мол-мулки, иқтидорини халқ камоли йўлига тиккан, бир муддат шўролар мафкурасига алданган, дўлвори замон пўртаналаридан омон қолишга интилган ва умри ниҳоясида ўша даврнинг қурбони бўлган жадид боболаримиздан биридир. 

Колумб даврида яшаган  қароқчиларнинг “Энг яхши душман ўлик душман, чунки у ҳеч қачон қайтиб келмайди ва ўзини ҳимоя қилолмайди. Бинобарин, ўзи ҳақидаги ҳақиқатларни ҳам рўёбга чиқара олмайди” деган тамойили бўлган экан. 

Ҳолбуки, Ҳамза ўз юрти ва халқимизга, ўзидан кейин келадиган авлодларга душман эмас эди. Манбаларда Ҳамзанинг эл-юртига хиёнат қилгани, халқимизга зиён етказгани ёки ёш авлод йўлини тўсгани ҳақида бирорта маълумот учрамайди.  

У тўғридаги ҳақиқатлар шоирнинг ўзи билан бирга кўмилиб кетгани ва ҳалигача тўла-тўкис очилмаётгани ҳамда турли талқинларга сабаб бўлаётгани эса Ҳамзанинг айби эмас.  

Агар Ҳамза 1929 йилда Шоҳимардонда ўлдирилмаганида ҳам у 30-йиллар қатағонини четлаб ўтолмас ва кўплаб сафдошлари - жадидлар қаторида отиб ташланиши муқаррар эди.  

Шундай экан, ҳозирги даврга мос янгиланиш тамойиллари ҳаётининг маъноси ва умрининг мазмунини белгиланган жадид боболаримизга ҳайкаллар қўйилган манзилларда   Ҳамзанинг муаззам ҳайкали ҳам қад кўтарадиган кунлар яқинлигига ишонгим келади.

Қиём Назаров,

фалсафа фанлари доктори, профессор.