"Ҳар бир амалимиз билан ёшларга ибрат бўлайлик!"

Самарқанд давлат университети Фахрийлар кенгаши университет нуроний профессор-ўқитувчиларига мурожаат билан чиқди.

Президентимиз ва давлатимиз Ватанимизнинг эртасини белгилайдиган таълим ривожи учун барча шарт-шароитларни яратиб берган. Юртимиз тинч, мамлакатимиз обод. Пенсиямизни тўлиқ олаяпмиз. Яна қанча ишласак, шунга яраша маош ҳам таъминланган. Шундай бир шароитда зиммамизда фақат бир нарса – шукрона айтиб, эл-юрт ҳаққига, йўлбошчимиз ва раҳбарларимиз ҳаққига дуолар қилиб яшаш қолади, дейилади мурожаатда.

Ҳаётда кўпни кўрган, икки тизимни бир-бирига таққослай олиш имкониятига эга бўлган ҳар биримиз бугун ана шу туйғу билан яшаш баробарида, халқимизга, айниқса, ёшларимизга кейинги йилларда олиб борилаётган ва ҳаётимизда ҳеч қачон бўлмаган ислоҳотларнинг, бунёдкорлик ишларининг, илмий-маърифий юксалишларимизнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишлари билан машғул бўлишимиз керак бўлади.

Онгли ҳаётимизнинг энг масъулиятли, ҳузурбахш, айни пайтда, машаққатли қисми аудиторияларда, лабораторияларда ва кутубхоналарда ўтди. Ҳозир ҳам баҳоли қудрат бу эзгу ишларни давом эттириб турибмиз. Биз бундан унумли фойдаланиб, маҳаллаларда, турли тадбирларда, тўй-маросимларда, дарс жараёнида, оиламизда ёшларимизга, фарзандларимизга манфаатли гапларимизни айтайлик, бисотимиздаги илмимизни уларга қолдириш ҳаракатида бўлайлик. Ҳатто юриш-туришимиз, кийинишимиз, гапиришимиз ҳам маънавият, одоб намунаси бўлиб, ёшларимизнинг ёдида бир умрга сақланиб қолсин! Улар бизни устоз сифатида ҳамиша яхшилик билан ёдга олсин!

Тобора кексайиб, амалларимиз қийинлашиб бораётган бир пайтда умримиз давомида мисқоллаб йиққан обрўни то умр ниҳоясигача сақлаб туриш осон иш эмас, ибрат бўлиш эса бундан ҳам қийин. Аммо, қанчалик оғир бўлмасин, ҳар биримиз ўзимизга муносиб, оқсоқоллик рутбасига лойиқ амалларни қилиб, юрайлик! Зеро, умримизнинг безаги ана шу эзгу амаллар биландир.