Ҳайит намози ўрнида Зуҳо намози ўқиймиз
Бу йилги Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июль, жума кунига тўғри келмоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2020 йил 31 июлни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бугунги кунда дунё миқёсида коронавирус пандемияси кузатилаётгани туфайли ҳайитни карантин талабларига риоя қилган ҳолда ўтказиш белгиланди. Кўплаб мусулмон ва қўшни давлатлар уламолари томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.
Жумладан, юртимиз Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.
Яъни, 2020 йилги Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади. Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилинади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.
Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни ўз хонадонларида бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш терак бўйи кўтарилгач, тўрт ракаат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик ҳайитнинг уч куни давомида амалга оширилади.
Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатилиши, қолганини оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани сабабли юртдошларимиздан кўпчилик жамланадиган урф-одатларни ташкил этмасликлари, уйма-уй юриб, турли хил маърака ва маросимлар ўтказмасликлари, қабристонлар зиёратидан сақланишларини сўраймиз.
Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, бу дунёдан ўтганлар руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.
Барча юртдошларимиз, мўмин-мусулмонларни Қурбон ҳайити байрами билан табриклаб, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз.
Хайруллоҳ САТТОРОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари.