Ҳаётимизда юз бераётган янгиланишлар Конституциявий тузатишларни тақозо этди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева иштирокида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси юзасидан тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда филиалнинг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, партия фаоллари иштирок этди.

Дастлаб М.Абдиева “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг Янги Ўзбекистонни янги босқичда ривожлантиришдаги ўрни, инсон қадрини улуғлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий ва бошқа соҳаларида юз берган йирик ўзгаришларга эътибор қаратди.

– Ҳаётимизда юз бераётган ана шу янгиланишлар Конституциявий тузатишларни тақозо этди, – деди М.Абдиева. – Таклифлар бериш жараёни ва қонун лойиҳаси муҳокамасида халқимизнинг фаол иштирок этаётгани юртдошларимизнинг бўлғуси тинч, обод келажагига дахлдорлик туйғуси мустаҳкам эканини кўрсатмоқда. Конституциявий ислоҳотлар жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг ижтимоий, шахсий, иқтисодий, сиёсий, экологик, маданий ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаб, ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий нормага айланади.

Қизғин муҳокамаларга бой бўлган тадбирдан англаш мумкинки, ислоҳотларга фуқароларда дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Ислоҳотлар, энг аввало, "Инсон қадри учун" эканлигини англаб етмоқда.