Ҳиндистонлик тадбиркор судда яроқсиз дорига рухсат олиш учун масъул амалдорга 33 минг доллар берганини маълум қилди

«Док-1 Макс» иши бўйича бўлиб ўтаётган суд жараёнларида айбланувчи хиндистонлик тадбиркор яроқсиз ва ҳужжатлари шубҳали «Кураракс» дорисини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш ишлари учун масъул давлат ташкилотида ишловчи амалдорга 33 минг доллар берганини тан олди.

16 август куни ЖИБ Тошкент шаҳар судида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» сиропи ва бошқа дорилар юзасидан жиноят ишини давом этгани ҳақида хабар тарқалганди. «Газета.uz» хабар беришича, «Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. (Ҳиндистон фуқароси) яна бир дорини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилган.

Маълум қилинишича, прокурор судланувчидан мазкур масала юзасидан 33 минг АҚШ долларини кимга ва нима учун берганини сўраган. Ҳиндистонлик судланувчи пуллар қурилиш ишлари ҳамда миннатдорчилик мақсадида Ж.Э.га берилганди, дея жавоб берган.

Айблов хулосасига мувофиқ, «Marion Biotech» PVT. Ltd. корхонаси «Кураракс 200», «Кураракс 400» дори воситасини ҳам Ўзбекистонда сотишни режалаштирган. Шундан сўнг давлат марказига рўйхатдан ўтказиш учун ариза тақдим этилган. Лекин дорини рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар «Док-1 Макс» ҳужжатлари сингари ишончсиз, нотўлиқ ва нотариал тасдиқланмаган бўлган.

«2022 йил 25 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Экспертлар кенгашида «Кураракс 200», «Кураракс 400» дори воситаси муҳокама қилиниб, уларни ишлаб чиқариш шароитлари шубҳа остига олинган ва кенгаш аъзолари томонидан Marion Biotech Pvt. Ltd. корхонасида инспекцион текширув ўтказилиши белгиланган. Дори воситасини рўйхатдан ўтказиш масаласи эса текширув натижасига кўра ҳал қилиниши ҳақида қарор қабул қилинган», — дейилади тергов ҳужжатларида.

Бу ҳақда кенгаш баённомасига тегишли қайдлар киритилиб, кейинчалик мажлисда иштирок этмаган С.Қ. томонидан тасдиқлаб берилган. Шундан сўнг давлат маркази томонидан 2022 йил 26 май куни «Зарур амалиётлар маркази» ДУКка Marion Biotech Pvt. Ltd. корхонасида инспекцион текширув ўтказиш ҳақида ёзма топшириқ, корхонанинг ўзига эса бу ҳақда ёзма хабарнома юборилган.

Ҳужжатларга кўра, июль ойи бошларида «Marion Biotech» Pvt. Ltd. корхонасида инспекцион текширув ўтказиш белгиланганидан хабар топган корхонанинг норасмий раҳбари Ж.С. бошқа бир ҳиндистонлик Ж.С. «Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. ва жамиятнинг савдо директори Б.Қ.лар билан тил бириктириб, корхонанинг ишлаб чиқариш шароитлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, текширув ўтказилган тақдирда мазкур камчиликлар юзага чиқиб, корхонанинг бошқа дори воситаларининг ҳам Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилиши тақиқланиб, уларнинг импорти тўхтатилиши мумкинлигини англаган. Бунинг олдини олиш мақсадида давлат маркази масъуллари орасидан инспекцион текширувни бекор қилиш имкони бўлган ходимни топиш бўйича Р.С.П. «Quramax Medical»нинг рўйхатга олиш бўйича менежери Н.М.дан ёрдам сўраган. Шунда ходими унга Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлимида бош мутахассис лавозимида ишловчи курсдоши Ж.Э.нинг телефон рақамини берган.

«Ҳиндистонлик фуқаро жиноий шериклари Ж.С. ва Б.Қ.лар билан тузилган жиноий режасини амалга ошириш мақсадида Ж.Э. билан аввалига телефон орқали боғланиб, кейинроқ у билан ЖИБ Миробод туман суди яқинида жойлашган „B&B“ кафесида кўришган. Суҳбат давомида Р.С.П. корхонага тайинланган инспекцион текширувни бекор қилишда амалий ёрдам сўраб, бунинг учун моддий манфаат ваъда қилган. Шунда Ж.Э. унинг таклифини раҳбарларига етказиб, тез кунларда уларнинг жавобини маълум қилишини билдирган. Шундан сўнг, Ж.Э. таклифни Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи Ш. Ш.га етказган. У эса ушбу хизмати 45 минг доллар бўлишини маълум қилган. Ҳиндистонлик тадбиркор 45 минг кўплиги, уларга фақат 33 минг доллар бера олишини билдирган. Ж.Э. ўз навбатида Ш. Ш.дан рухсат олиб, пулларни қўлга киритган», — дейилади тергов ҳужжатларида.