Ҳокимга мурожаат қилган яна бир онахон коронавирусдан тузалди

Таҳририятимизга Самарқанд шаҳрида яшовчи етмиш ёшли онахон Гулсара Назарова қўнғироқ қилди. Айтишича, шу йил 28 июль куни танасида қандайдир ўзгаришлар сезилган: аввалига оғзи қуриб, таъм сезмай қолган, иштаҳаси йўқолиб, ҳарорати кўтарилган, кейин унга йўтал қўшилган.

- Кейин билсам, бу ҳолат оиламизнинг барча аъзосида, аммо уларда енгилроқ кузатилаётган экан, - дейди онахон. - Шошганимдан ва хавотирланганимдан вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдим. Ҳоким Э.Турдимов эътибори туфайли дарҳол тез тиббий машинаси келиб, мени Кимёгарлар қўрғонидаги шифохонага олиб боришди.

Ўпкамнинг 75 фоизи зарарланган экан, шифокорларнинг вақтида кўрсатган ёрдами туфайли 11 кунда соғайдим.

Тузалиб, оилам бағрига қайтдим. Бу орада шифокорлар оила аъзоларимни ҳам уй шароитида даволашди.

Фурсатдан фойдаланиб, бу касалликдан тузалишимизда барча шароитларни яратиб берган ҳукуматимизга, туну кун бошимиздан кетмаган, ўз яқинидек жон куйдирган бош врач Муҳаммад Бўриевга, шифокорлар Ҳамидулла Кулибаев ва Ориф Муталибовга ва шифохона жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдираман.