Ҳовлининг эгаси ким? Ёхуд кадастр хизматидаги муаммолар хусусида

Бир қараганда кадастр хизматида кўп ислоҳотлар қилинди. Кадастр агентлиги ва давлат кадастрлар палатаси ташкил этилди. Коррупцион ҳолатни бартараф этиш мақсадида кадастр хизматлари давлат хизмати агентлиги орқали бажариладиган бўлди. Соҳадаги баҳолаш тизими электрон усулга ўтказилди. Ернинг электрон базаси яратиляпти. Унинг ўзимизга хос ва мос дастури ишлаб чиқилди. Ерга эгалик ҳуқуқини бериш ҳокимликлардан олинди. Энди бу ҳуқуқ очиқ аукцион натижасига қараб берилади. Мулкни, ерни баҳолаш электрон усулда ўтказилади.

Аммо ер, уй-жой масаласида айрим муаммолар ҳамон ҳал бўлмай қолмоқда?

Келинг, аввал айрим ҳолатлар ҳақида тасаввуримизни аниқлаб олайлик.

Ҳали қишлоқларимизда эгасиз уйлар бор. Нега эгасиз, дерсиз? Ахир уларда ҳам кимлардир яшаяпти-ку?! Тўғри, кимдир яшаяпти, ер солиғи ҳам тўлаб турибди. Электр энергияси, табиий газ (албатта, бор ерларда), сувдан фойдалангани ва чиқинди учун ҳам пул тўланяпти. Аммо уй-жойга эгалик ҳуқуқи бўлмагани боис мулк солиғи тўламайди. Мулк солиғи ер солиғидан анча кўплигини яхши биламиз.

Сабаби оддий: ўша пайтда амал қилган қонунлар асосида бундай уйларга ҳокимият томонидан эгалик ҳуқуқи берилмаган. Ҳатто колхоз правлениеси, қишлоқ советининг қарори ҳам йўқ. Аммо уй йиллар давомида отадан фарзандга ўтиб келаверган. Айрим уйлар ҳатто БТИ (техник бюро инспекцияси) ҳужжати бўлмаса-да иккинчи, учинчи шахсга сотиб юборилган.

2018 йилгача мавжуд қонун талабига кўра, агар шахс бир хонадонда 15 йил давомида яшаб, барча тўловларни амалга оширган бўлса, ўша уй унга хатлаб берилган. Кўпчилик бу имкониятдан фойдаланмаган. Бундан ташқари, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси давомида айрим уй-жой эгасига эгалик ҳуқуқини бериш рад этилган. Демак, бу уйлар ҳам ҳозирча ноқонуний қурилишга киради.

Маълумотларга кўра, ҳозирда вилоятда қишлоқ жойларидаги 878 072 та уй кадастр базасига киритилган. Уларнинг 35 фоизидагина эгалик ҳуқуқи бор, аммо улар мулк солиғини уй қурилган пайтда белгиланган (одатда бизда бу меъёр бир хона, бир даҳлиз, ҳожатхона тарзида олинади) баҳо асосида тўлаб келинади. Ваҳоланки, ундан кейин ҳовлида янги, ҳатто икки қаватли бинолар қурилган, лекин қонун асосида қайта баҳоланмаган ва расмийлаштирилмаган.

Қишлоқ жойларида яна бир муаммо – уй-жойларнинг қонунда белгиланганидан ортиқ эгалланганида, фермер хўжаликлари ҳудудидан ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олинганидир.

Тўғри, бунинг учун фермерга чора кўрилар, бироқ бугун қишлоқ тусини олган уй-жойларни қандай бузамиз? Бундай уйлар айримлар учун ягона яшаш маскани ҳисобланади. Шу ўринда айрим рақамларни айтиб ўтсам.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармасининг ҳудудий бўлимлари иш юритувига жорий йилнинг август ойига қадар судлар томонидан ноқонуний қурилма, деб топилган 4729 та (669,12 гектар) иншоотни бузиш тўғрисида ижро ҳужжатлари келиб тушган.

Ижро ҳужжатларида кўрсатилган, ноқонуний қурилган 4187 та уй-жойда аҳоли мунтазам яшаб келяпти. Шундан 3277 та уй-жой маҳалла таркибида массив шаклида, 910 та уй-жой эса маҳалла четларида ноқонуний қурилган.

Шу билан бирга, 541 та ноқонуний қурилмаларда аҳоли яшамаётганлиги, уларнинг 202 таси тўлиқ қуриб битказилгани, 184 тасида қурилиш тугалланмагани, 155 тасида пойдевор қисми ёки бошланғич қурилиш қилингани аниқланган.

Айнан ана шу ҳолат учун фермер хўжаликларини кадастр хатловидан ўтказиш қийин кечяпти. Мисол учун, фермер хўжалигига тегишли 10 гектар экин майдони бор. Аммо учта даланинг ичида ҳам 2-3 тадан уй-жой қурилган. Ана шу уйлар майдонини қишлоқ хўжалиги ҳисобидан чиқармасдан фермер хўжалиги ер майдонини кадастр қилиб бўлмайди. Энг ёмони, бу ҳолат, бизнингча, ерининг ҳисоби йўқ деб юрганимиз - Қўшработ, Нуробод туманлари яйловларида ҳам мавжуд.

Ҳақиқий аҳволни такрор айтавериш билан муаммо ечилмаслиги аён.

Хўш, унда нима қилмоқ керак?

- Бизда айни пайтда уй-жойга эгалик ҳуқуқи берилиши сўралган аризалар анчагина, - дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Мақсуд Қурбонов. - Уларни ижро қилиш жараёнида кўп қийинчиликка дуч келяпмиз. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган мониторинг натижасига кўра давлат хизмати кўрсатиш соҳасида давлат кадастрлари палатаси туман, шаҳар филиаллари томонидан 1364 ҳолатда қонун бузилиши аниқланди. Уларнинг барчаси ижро муддати бузилиши билан боғлиқ.

Кадастр хизмати вакилларининг айтишича, бино ва иншоотларни ўрганиш, чизмасини тайёрлаш диққатталаб иш. Айрим ҳолатларни аниқлашга, хулоса қилишга вақт кетади.

- Илгари ишимизга қараб маош бериларди, - дейди собиқ кадастрчи. – Ҳозир кадастр жилдларини тайёрлашга вақт топилмаяпти. Чунки кўпроқ “снос” ишларига жалб этишяпти. Шу боис ишдан кетдим. Бу жараённи одилона таҳлил қилиш зарур, деб ҳисоблайман. Чунки кадастр палатаси хўжалик ҳисобида фаолият юритадиган корхона. Унга ходимлар, мутахассисларни етарли маош билан таъминлаш учун иш ҳажмини, бунинг учун тушумини таъминлаш зарур. Аксинча, бугунги кунда айрим ҳамкасбларим 1 миллион сўмга ҳам бормайдиган маош олишади. Тағин, ҳозирда улар ижро муддати кечиккани учун жарима тўлаш билан овора.

Энди асосий саволга жавоб берайлик. Биз қонуний қурилиш деб эътироф этилган уй-жойларга қандай муносабатда бўлишимиз лозим? Бу борада давлат кадастр палатаси мутахассислари, мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, ҳокимият вакилларининг ҳам фикри бир хил. Яъни:

- гарчи ноқонуний бўлса-да, посёлка типини олган яшаш масканидаги уйларни зудлик билан кадастр хатловидан ўтказиш;

- унинг харажатини маҳаллий ёки республика бюджетидан қоплаш;

- мавжуд халқпарвар жамоатчилик комиссияси хулосасига кўра маҳаллий Кенгашларда тасдиқлангач, уйларга эгалик ҳуқуқи бериш;

- экин майдонининг четидаги ёки чала иморатларни суд қарори билан буздириш, бундай уй эгаларига бошқа ердан жой ажратиш лозим.

Ер - давлат бойлиги, халқнинг даромад манбаи. Ерни хорлаган элни хор қилади. Аммо ҳозирги шароитда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ечимида жуда эҳтиёткорлик билан, лекин кечиктирмасдан қарор қабул қилиш даркор.

Дарвоқе, кадастр агентлиги вилоят бошқармасига борганимда ходимлар эски компьютерлардан фойдаланаётганини кўрдим. Бу масала ҳам тезда ўрганилиши керакка ўхшайди.

Фармон Тошев.