Ҳозир: Сенаторлар номи ҳадемай аниқланади - депутатлар Сенат аъзоларини ёпиқ овоз орқали сайламоқда
Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг Олий Мажлис Сенатига аъзоларни сайлаш бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Унда очиқ овоз бериш йўли билан қўшма мажлисда ишчи ҳайъати, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича маслаҳат кенгаши, мажлис котибияти, саноқ комиссияси аъзолари сайлаб олинди. Сўнгра вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатларидан сайланган маслаҳат кенгаши аъзолари алоҳида хонада Олий Мажлис Сенати аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича йиғилиш ўтказди ва унда қабул қилинган қарор бўйича қўшма мажлисга ахборот берилди.
Маслаҳат кенгашида Сенат аъзоларини сайлаш бўйича ўтказиладиган ёпиқ яширин овоз бериш сайлов бюллетенига киритиш учун танлаб олинган катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда энг обрўли олти нафар депутатлар номзоди қўшма мажлис муҳокамасига тақдим этилди. Муҳокамалардан сўнг очиқ овоз бериш орқали олти нафар депутатнинг номзодини ёпиқ яширин сайлов бюллетенига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.
Айни пайтда Сенат аъзолари сайлови бўлиб ўтмоқда.
Бизни кузатиб боринг, бу ҳақда тўлиқ тафсилотлар билан таништириб борамиз.