“Ҳ”ва “Х”нинг фарқига қачон борамиз?

Таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Азимовнинг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеъри билан айтиладиган, “Самарқандга борсам мен агар...”, деб бошланувчи ашуласини неча ўн йиллардирки, мароқ билан эшитаман ва ҳофизнинг шоир яратган сўзларини талаффуз этишдаги хатолари мутахассис сифатида мени чуқур ўйга толдиради.

Эътибор беринг, ҳофиз “нола” этмоқда: “Мен шох эмасман...” деб ўз ашуласи маъносини тингловчиларга етказмоқчи бўлади. Аслида, шеър матнида ҳам, адабий тилимиз қоидаларига кўра ҳам “шох” сўзи “шоҳ” билан алмашиб кетмаслиги асосий талабдир.

Одатда, айрим шеваларимизда “ҳ” ва “х” ҳарфларининг оғзаки нутқда ҳам, ёзма матнда ҳам ўз ўрни борлигини унутиб қўямиз. Оқибатда, кирилл алифбоси жорий этилганидан буён юқоридаги икки ҳарф бир-бирининг ўрнида ноўрин қўлланиб келинаётганига гувоҳ бўламиз. 

“Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида бу ҳақдаги муаммолар тез-тез кўтарилади. Яқиндаги кўрсатувлардан бирида шундай чалкашликлар, фикримизни чалғитадиган фикрлар билдирилдики, гўё лотин ёзуви асосидаги янги алифбомизга тезроқ ўтадиган бўлсак, муаммолар ҳал этилармиш. Бундай фикрни билдираётганлар, таклифни ўртага ташлаётганлар наҳотки, 80 йилдан ортиқ имломиз ва алифбомизда “ҳукмронлик” қилган крилл алифбоси амалиётида бу муаммо ҳал этилмаганлиги, бунинг учун аввало ўзимиз, тилшуносларимиз айбдор эканлигини бир бора бўлса-да, тилга олиб ўтишмади! Майли, келгусида албатта, лотин ёзуви асосидаги янги алифбони жорий этишга киришилади. Янги алифбомиз қабул қилинганига ҳам чорак аср бўлаяпти. Шу давр мобайнида бир неча ҳарф-товуш, белгиларнинг шакли-шамойилига шундай ўзгартиришлар киритилдики, бугун лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида яратилган асарларни “текис” ўқийдиган китобхонлар авлоди борлигига кўнглимда шубҳа пайдо бўлади. Негаки, шундай ўзгартиришлар амалга оширилдики, янги алифбомиз тушунарсиз ҳолатга келиб қолди.

Айни пайтда ушбу алифбони қайта ислоҳ қилишга киришилмоқда. 

Умумхалқ муҳокамасида бўлган янги лойиҳада кўзда тутилган асосий мақсад йил охиригача лотин ёзуви асосидаги миллий алифбомизни барча жабҳаларда кенг жорий этишдир. 

Шу ўринда савол туғилади: ҳозир ва йил охиригача қолган саноқли ойларда бу муаммони ҳал этиш имкони борми? Майли, таълим масканларида бунинг имкони бордир. Ўйлаб кўринг, шу пайтгача фақат крилл алифбосига суяниб яшаб келаётган авлоднинг маънавий эҳтиёжини янги алифбомиз қондира оладими? 

Ўзим ҳам ёшим саксон бешдан ошиб қолганлиги учун чорак асрдан буён амалиётга татбиқ этилмаган лотин ёзувидаги алифбомизни ўрганишга бир неча бор уриниб кўрдим. Афсуски, янги ҳарфларни “ўзлаштиришим” қийин кечмоқда. Бирон матнни крилл алифбосида беш дақиқада кўз югуртириш билангина ўқийдиган бўлсам, лотинчада... ярим соатча вақтим кетади. Бу фикрим билан янги алифбонинг жорий этилишига, унинг такомиллашувига мутлақо қарши эмасман. Фақат, уни жорий этишда аҳоли қатламининг маънавий эҳтиёжи билан боғлиқ муаммоларини ҳисобга олиш зарур, деб ўйлайман. Масалан, ўрта ва кекса авлод вакиллари крилл алифбосида савод чиқаришган. Табиийки, уларнинг янги алифбони ўрганишлари, ўзлаштириши учун вақт муаммоси пайдо бўлади. Қолаверса, бу тоифадаги инсонларда ҳамиша ҳам янгиликни тўлиқ қабул қилиш, амалга оширишга иштиёқ ва имконият ҳам бўлмайди.

Лотин ёзуви асосидаги янги алифбо қабул қилингач, барча босма нашрлар, китоблар шу алифбо асосида чоп этилиши белгиланаётганлиги айрим муаммоларни келтириб чиқармайдими? Хусусан, бугунги кунда деярли барча босма нашрларимиз, чоп этилаётган китобларимиз кирилл алифбосида яратилмоқда. Агар, ушбу алифбодан бирваракайига воз кечадиган бўлсак, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўрганмаган, кирилл алифбосига суянган газетхон ва китобхонларнинг ҳоли нима бўлади? Эътибор беринг, бугунги ёш авлод китоб ва босма нашрлар мутолаасидан анчайин узоқлашиб, телефонга яқинлашиб, интернет деган балонинг ошуфтасига айланган бўлса, уларни ҳеч қачон газетхонлик ва китобхонлик оламига чорлаб бўлмайди. Тўғри, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси, амалий ҳаракати билан китобхонликка эътибор кучайтирилмоқда. Бироқ, бу ҳаракатда ҳам қандайдир юзакичилик сезилади. Китоб ўқийдиган, унга ихлос қўйган кимса албатта, маънавий эҳтиёжини қондириш ниятини дилига тугиши керак. 

Келгусида чоп этиладиган китоблар, босма нашрлар фақатгина лотин алифбоси асосидаги ўзбек ёзувида юзага келадиган бўлса, ўрта ва кекса авлод вакилларига жиддий маънавий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Негаки, бугун кирилл алифбосида чоп этилаётган китоб, газета, журналларнинг асосий ўқувчиси юқорида тилга олинган аҳоли тоифасига мансуб кишилардир. Қолаверса, ёш авлод нари суриб қўяётган босма нашрларга обунани ташкил этиш, китоб савдосида ҳам жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун... ўйлаб иш кўришимиз керак. 

Раъно ҲОЖИЕВА,

филология фанлари номзоди.