Ижтимоий тармоқ қармоғига илиниб қолманг!
Ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликлар ахборот алмашинувига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Бир пайтлар хабар етказиш учун каптарлардан, чопарлардан, кейинчалик мактубларни манзилларига етказиб берувчи почта хизматидан фойдаланган инсоният бугун истаган одами, мамлакати, ташкилот ёки муассаса билан ўтирган жойида туриб мулоқотга киришмоқда, муаммоларини ҳал қилмоқда. Бу ҳаётимиздаги чинакам инқилобий ўзгаришлардир.
Натижада мулоқотга, ахборот алмашинувига хизмат қиладиган ўзига хос медиа-майдон, виртуал олам юзага келди ва улар аста-секин бутун дунёни қамраб олмоқда. Ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қила олмайдиган даражага етиб келдик. У кундалик янгиликларни билишнинг энг қулай воситасига айланди.
Ахборот алмашинувининг бу тури ҳаётимизда улкан ижобий ўзгаришларга олиб келди. Биринчи навбатда, одамларнинг вақти тежалишига эришилди. Кунлар, ойлаб вақт талаб қилинадиган ишлар ахборот технологиялари кўмагида саноқли дақиқаларда бажарилмоқда. Нафақат алоҳида шахслар, балки давлат миқёсидаги иш юритиш ҳам виртуал оламга ўтяпти.
Беруний Алимовнинг «Ўзбекистондаги даврий нашрлар ва умуман анъанавий ОАВдан ташқари ижтимоий тармоқларнинг бевосита ўзида ҳам Ватанимизни улуғловчи, унинг тарихи ва маданиятига эътиборли кишиларни жамлаган ижтимоий гуруҳлар мавжуд, зеро улар ҳам жаҳон медиа-маконида диёримиз обрўсини янада ошириш борасида катта хизмат қилмоқда», деган фикрлари эътиборга молик.
Бу тармоқлардан кимлар фойдаланмоқда, деган саволга бир хил жавоб бериб бўлмайди, албатта. Лекин уларнинг асосий қисми ёшлардир. Улар нафақат мамлакат миқёсидаги ижтимоий гуруҳлардан фойдаланяпти, балки дунёда кенг тарқалган тармоқларга ҳам чиқаётгани қувонарли, ҳам ташвишланарлидир.
Ташвишланарлиси шуки, медиа-майдонда пайдо бўлган ҳар бир ижтимоий тармоқ муайян бир мақсадни кўзлайди. Қай бири глобал сиёсий кучларга, яна бири иқтисодий рақобатга хизмат қилади. Улар орасида террорчилик ва диний-экстремистик гуруҳларга хизмат қилаётганлари ҳам анчагина. Бундай ижтимоий гуруҳларнинг ва улар кўзлаган манфаатларни санаб адоғига етиб бўлмайди.
Кузатишлар бундай кучлар орасида Ўзбекистонга қаратилган, эндигина мустақиллик шароитида ривожланиб келаётган мамлакатнинг ҳам ижтимоий-сиёсий тузумини емириб ташлашга, ҳам иқтисодий барқарор ривожланишини барбод қилишга, ёшлар мафкурасига «оммавий маданият»ни ва ўз турмуш тарзини сингдиришга уринаётган кучлар ҳам анчагина эканлигини кўрсатди.
Бу кучлар кимлардан ташкил топганлиги кўпчилик учун қизиқарли бўлиши мумкин. Facebook, Instagram, YouTube, Telegram сингари ижтимоий тармоқларни ўрганганимизда уларнинг аксарияти ҳокимиятга интилувчилар – бир пайтлар раҳбарлик лавозимларида ишлаган ва бирон сабаб билан бўшатилган ёки жиноят қилиб қамалган, кейинчалик хориждан паноҳ излаб, ўзга юртларда яшаётган кимсалар эканлиги маълум бўлди. Бошқа бир қисми ҳам ўзларини жабрдийда, деб ҳисоблашади ва бунинг учун бошқаларни, асосан, Ўзбекистондаги юқори лавозимдаги раҳбарларни, ҳуқуқ-тартибот органларини, маҳаллий раҳбарларни айбдор деб билишади.
Хуллас, уларга бугун Ўзбекистон давлатчилиги, мамлакатда олиб борилаётган ишлар маъқул эмас, уни ўзгартиришни хоҳлашади. Эътиборлиси шундаки, ўзлари ўзбеклар бўлса-да, улар ҳам чет эллардан бошпана топишган. Улар ижтимоий тармоқларда ўзларининг АҚШда (Нью-Йорк), Литвада, Туркияда (Истанбул), Россияда (Москва) яшаётганлигини айтишган. Яна бир қисми Тошкентда, Қорақалпоғистонда, Андижонда, Қашқадарёда ва ҳоказо. Лекин буларнинг биронтаси ҳам ишонарли маълумотлар эмас.
Уларда асосан Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатдан ёки ҳукуматдан норози бўлиб баъзан ошкора, баъзан киноя тарзида, баъзан эса диний руҳдаги фикрлар остига яширинган постлар қолдиришмоқда. Ачинарлиси шундаки, муаллифларининг савияси ва дунёқарашидан далолат бериб турган, саводсизларча ёзилган бу постлар нафақат ўқилмоқда, балки улар ортидан маъқуллайдиган изоҳлар ҳам қолдирилмоқда. Гаплар мазмунидан фикр билдираётганларнинг ҳам аксарияти ёшлар эканлиги билиниб туради. Чунки ёши улуғлар, зиёли қатлам бундай фикрламайди ва бу каби мазмунсиз постлар қолдирмайди.
Бизни ўйлантирадигани бугун замон билан ҳамнафас, мамлакатимиздаги бунёдкорлик ва яратувчилик ишларини ўз қўлига олаётган ёшлар билан бирга бу каби фикри саёз, мулоҳазаси ўзидан нарига чиқмайдиган, ким нима деса, шунга эргашиб кетаверадиган, айни пайтда, ўзининг борлигини ижтимоий тармоқлар орқали билдириб қўйгиси келадиган ёшларнинг борлигидир.
Уларда бу каби ғаразли фикрларни ўқишга мойиллик қаердан пайдо бўлганлиги кишини ўйлантиради. Ҳали улар ҳаётда нимани кўриб улгурибдики, ижтимоий тузумдан норози бўлсин. Назаримизда, уларда билим етишмайди, дунёқараши шаклланиб улгурмаган. Биз, ота-оналар ва мураббийлар эса бу билимларни талаб даражасида бера олмаяпмиз, уларда Ватан туйғусини шакллантира олмаяпмиз.
Бундай кимсаларнинг ҳаракатидан интернетнинг улкан имкониятидан оқилона ва самарали фойдалана билмаслик, тажрибанинг етишмаслиги, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тартиби белгиланган амалдаги қонунларни яхши билмаслик сезилиб туради.
Назаримизда, улар шунчаки қизиқиш билан виртуал оламга кириб кетяпти, тармоқларда нималар ёзилганлиги билан қизиқяпти. Айрим ғаразли тармоқларнинг тузоғига илиниб қолаётганлигини ва бунинг натижасида қимматли умрини, вақтини беҳудага сарфлашаётганини сезмай қолишяпти.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга, унинг раҳбариятига қарши гапираётганларни инсофга чақириш, Ҳақ йўлида эмаслигига ишонтиришга, қайта тарбиялашга уриниш самарасиз, назаримизда. Чунки улар Ўзбекистон менинг ватаним, деган туйғудан аллақачон маҳрум бўлган. Қилаётган ишлари улар учун тирикчилик воситасига айланган. Агар мамлакатимиз устидан мағзава тўкиб турмаса, ким уларга бир бурда нон беради? Шунинг учун уларни ўз ҳолига қўйиш, яхшиси, эътибор қилмаслик керак. Тушга не кирмайди, душман не демайди?..
Биз ёшлар билан ишлашимиз, ишлаганда ҳам тизимли ишлашимиз керак. Таълим-тарбия билан машғул бўлиб, тирикчилик қилаётган ҳар бир зиёли бу борада иш услубини янгилаши зарур. Оладиган маошимизнинг камлигидан нолир эдик, Президентимиз уни 2-3 баравар кўпайтирди. Белгиланган меъёрдан ортиқ ишласа, рағбатлантириш йўлга қўйилди. Мажбурий меҳнатдан нолир эдик. Бекор қилинди. Жавобимиз эса ҳамон сезиларли эмас. Олмоқнинг бермоғи ҳам борлигини айримларимиз унутдик!
Ёшларимизнинг виртуал оламдан фойдаланишдаги тажрибасизлик, ижтимоий-сиёсий воқеликка тўғри баҳо бера олмаслик бизга талабалар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ана шу томонга йўналтиришимиз кераклигини айтмоқда.
Бу ёшлар йўқотилган ёшлар эмас. Уларни бу йўлдан қайтариш, эзгулик йўлида тарбиялаш мумкин. Мана шунинг учун ҳам ёшлар билан ишлашни бутунлай янги ўзанларда давом эттириш лозим, деган мулоҳазага боряпмиз. Ижтимоий тармоқларда қилинаётган айрим дўқ-пўписалардан саросимага тушмасдан, тарғиботни чуқур таҳлил қилинган маълумотлар билан бойитиш зарур. Чунки бугунги талаба эртанги тарғиботчи, давлат сиёсатини оммага етказувчи ва амалга оширувчи кучдир.
Зебинисо Раҳмонова,
Самарқанд давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори,
Суюн Каримов,
Самарқанд давлат университети профессори.