Илдизимиз муштарак, келажагимиз бирга
Самарқандда Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилганига уч йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар ва ўтган йилга оид айрим хулосаларимни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.
Бугун Анадўли географиясида яшаётган Туркия халқи илдизлари Ўрта Осиё тупроқларига келиб тақалади. Уч йилдан буён фаолият юритаётган Самарқандда, турк ва ўзбек тилларидаги муштарак сўзлардан икки давлат халқлари маънавиятининг бир хиллигига, меҳмондўстликдан тортиб, каштадўзлик нақшларигача кўплаб ўхшаш инсоний ва маданий қадриятларимиз мавжудлигига шахсан гувоҳ бўлдим. Ўзбекистоннинг қайси манзилига бормайин, турк эканлигимни билишганида одамларнинг илиқ муносабатини ҳис қиламан.
Туркларнинг Анадўлига жойлашишининг бурилиш нуқтаси ҳисобланган 1071 йилдаги Манзикерт ғалабасидан сўнг ота юртимиз Ўрта Осиёда етишиб чиққан аллома ва мутафаккирлар Анадўли халқининг руҳий ва маънавий оламини бойитишга хизмат қилдилар. Булар орасида Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи, Мавлоно Жалолиддин Румий ва устози Бурҳониддин Термизий, Шайх Али Самарқандий, Сеййид Алааддин Али Самарқандий, Бобо Ҳайдар Самарқандий ва Амир Аҳмад Бухорийни санаш мумкин. Албатта, бу буюк сиймолар зикр этилганлар билан чекланиб қолмайди. Худди шундай, биродарлик ва кўнгил ришталаримиз доирасида Анадўлидан келиб, ўз ота юртида яшашни ва шу заминда хизмат қилишни танлаган аллома ва мутафаккирлар ҳам бор. Масалан, бухоролик Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг отаси малатялик, Улуғбек мадрасасининг бош муаллими Қозизода Румий асли Бурсада туғилган олим эди.
Масофа нуқтаи назаридан бир-биридан узоқда бўлса-да, бир маънавий муҳитда яшаётган бу икки қардош халқ ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаб, кўнгил ришталарини ҳеч қачон узмаган. Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябрда мустақилликка эришганида биринчи бўлиб тан олган ва 1992 йил 4 мартда дипломатик муносабатлар ўрнатган илк давлат Туркия бўлган.
2021 йил 7 март куни Самарқандда илк Бош консулхонамиз очилган эди. 2022 йилда давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар «ҳар томонлама стратегик шериклик» даражасига кўтарилди. Шу нуқтаи назардан, икки давлат ўртасидаги алоқалар қардошлик ҳуқуқига асосланган ҳар томонлама стратегик шериклик механизми доирасида сиёсий, савдо, иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳаларда тарихда ҳеч қачон кузатилмаган даражада ривожланиб бормоқда.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий дўстлиги ва сиёсий иродаси самарасида ҳамкорлигимиз йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити ва Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг қасамёд қабул қилиш маросими муносабати билан мамлакатимизга ташриф буюрди. Ўз навбатида бизнинг Президентимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этди.
Шунингдек, йил давомида Туркия ва Ўзбекистонда ташқи ишлар вазирлари даражасидаги қўшма стратегик режалаштириш гуруҳи йиғилиши, Туркия-Ўзбекистон қўшма иқтисодий комиссияси VII йиғилиши, ТДТ Соғлиқни сақлаш вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Самарқандда Ўзбекистон – Туркия соғлиқни сақлаш вазирлари бошчилигида йиғилиш ва бизнес форум, шунингдек, икки давлатдаги юздан ортиқ олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида таълим форуми ўтказилди.
Ўтган йили 6 февраль куни Туркияда содир бўлган ва аср фалокати дея таърифланган зилзиладан сўнг дўст ва қардош Ўзбекистон Туркияга имкон қадар тезроқ қидирув-қутқарув ва тиббий гуруҳларни жўнатди. Моддий ва гуманитар ёрдам етказиб берди. Жумладан, Бош консуллигимиз ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида самарқандликлар ёрдами билан 9 та юк машинасида гуманитар ёрдам юборилди. Ўшанда Самарқанд вилояти ҳокими ва бошқа раҳбарлар, оддий аҳоли Бош консуллигимизга келиб, халқимизга таъзия изҳор қилди, ҳамдардлик билдирди. Бунинг учун ўзбекистонлик биродарларимизга яна бир бор ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Зилзила содир бўлган ҳудудда Ўзбекистон томонидан 306 та уй-жой қурилиши давом этмоқда. Ҳатай вилоятидаги бу уйлар яқин кунларда муҳтожларга топширилади.
2023 йил 29 октябрь куни Туркияда ва шу билан бирга хорижий давлатлардаги ваколатхоналаримизда, жумладан, Тошкентдаги элчихонамиз ва Самарқанддаги Бош консуллигимизда Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллиги нишонланди. Бу қувончни Ўзбекистондаги турк жамоатчилиги, шунингдек, Ўзбекистон расмийлари ва ўзбек дўстларимиз билан баҳам кўрдик.
Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи йирик ташқи савдо шериги ҳисобланади. Давлатларимиз ўртасидаги савдо ҳажми сўнгги беш йилда 22 фоизга ошди ва 2023 йил охирига келиб 3,5 миллиард долларни ташкил этди. Аммо мавжуд имкониятларимиз бу кўрсаткични янада оширишини кўрсатади.
Аввалги йиллардаги каби 2023 йилда ҳам икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги алоқалар янада мустаҳкамланди. Туркиядан Ўзбекистонга келганлар 100 минг ва Ўзбекистондан Туркияга борганлар 470 минг нафардан ошди. Иш ва сайёҳлик сафарларининг ортиши натижасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳафталик рейслар сони 60 тадан ошди ва бунинг янада ортиши кутилмоқда. Ўтган йили Истанбул билан бир қаторда бошқа вилоятларга ҳам қатновлар бошланди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Фарғона шаҳарларидан Туркияга парвозлар сони ортиб бормоқда.
Туркий давлатлар оиласининг энг муҳим органи бўлган Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) маданият, сиёсат, таълим, савдо ва транспорт каби деярли барча соҳаларда аъзо давлатлар вакилларини бир жойга тўплаш орқали ҳамкорликни кучайтириш ва умумий келажагимизни яратишга катта ҳисса қўшмоқда. Самарқанд 2022 йил ноябрь ойида ТДТ 9-саммитига муваффақиятли мезбонлик қилди. Ўтган йил ҳам Самарқандда ТДТнинг бир қатор тадбирлари ўтказилди.
Кейинги уч йилдан буён муштарак маданиятимизнинг қадимий шаҳри бўлган Самарқандда фаолият кўрсатиб, давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшаётганимдан мамнунман. Энг муҳими, биз бир оила сифатида турк дунёсининг ушбу гўзал шаҳрида меҳнат қилаётганимиз ва кундалик ҳаётимизда самарқандликлар билан бирга бўла олганимиздан бахтиёрмиз.
Салиҳ ЖАНЕР, Туркия Республикасининг Самарқанддаги бош консули.