Эрзурум - 2025 йил туризм пойтахти

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) томонидан Туркиянинг шимолида жойлашган Эрзурум шаҳри 2025 йилнинг туризм пойтахти ҳамда Европа қишки спорт пойтахти, деб эълон қилинди.

Бу бежиз эмас. Чунки Эрзурум шаҳри ўзининг тарихий ёдгорликлари билан сайёҳларнинг, Паландўкен чанғи маркази билан қишки спорт турларини севувчиларнинг тез-тез борадиган масканига айланган.

Паландўкен чанғи курорти

"Паландўкен" тоғ-чанғи курорти Туркиядаги биринчи ва энг илғор чанғи маркази бўлиб, Эрзурум шаҳар марказидан 10 дақиқалик масофада жойлашган. "Паландўкен" ва "Конакли" тоғ-чанғи курортларида жами 55 тоғ -чанғи йўлидан 40 таси Халқаро чанғи ва сноуборд федерацияси (ФИС) томонидан тасдиқланган. "Паландўкен" тоғ-чанғи марказида 44 та тоғ-чанғи йўли бор ва узунлиги 51 километр бўлиб, кўплаб қулайликлари билан чанғи ишқибозларини ўзига жалб қилади.

Қўш минорали мадраса

Эрзурумнинг асрлар давомида таълиммарказига айланишидаХатуниямадрасаси сифатида ҳам танилган эгизак минорали мадраса катта рол ўйнайди. Турк ислом меъморчилигида тўрт айвонли ва очиқ ҳовлили мадрасаларнинг энг муҳим намуналаридан биридир. Салжуқийлар султони Алоуддин Кайқубоднинг қизи томонидан бунёд этилган бинонинг қайси санада қурилганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Мадраса икки минораси бир-биридан фарқ қилиши билан диққатни тортади. Ўнг тарафдаги устунлар, девор қирралари ва бошқа деталлар анча содда тузилишга эга бўлса, чап томондаги деталлар янада нафис ва такомиллашган. Ўлчами 35х46 метр бўлган мадраса ўзига хос гўзал безаклари ва кўзни қамаштирувчи эстетикаси билан шаҳарнинг энг муҳим тарихий обидаларидан биридир. Тарихий манбаларда бу минора Мурот IV буйруғи билан бир муддат казарма сифатида фойдаланилгани қайд этилади. Бугунги кунда у музей ва кўргазма зали сифатида хизмат қилади.

Якутие мадрасаси

Эрзурумдаги Якутие мадрасаси Онадўлидаги ёпиқ ҳовлили мадрасаларнинг энг яхши намуналаридан биридир. Ҳулокуийларнинг маҳаллий ҳокими Хожа Ёқут буйруғи билан 1310 йилда қурилган иншоот Эрзурум тарихий ва маданий меросида муҳим ўрин тутади.

Мадраса тўрт айвонли дизайн асосида қурилган бўлиб, ҳовлиси ёпилган. Ҳовли атрофида ўқувчи ва ўқитувчилар учун ҳужралар мавжуд. Бундан ташқари, бинонинг шимолий жабҳасидаги тож дарвозаси ва миноралар алоҳида ажралиб туради. Бу жиҳатлар турк ислом санъатининг нафис маҳоратини акс эттиради.

Эрзурум қалъаси

Қалъа Эрзурумнинг марказий туманларидан бири Якутие чегарасида жойлашган. У 415 йилда Византия императори Феодосий томонидан қурилган. У икки қисмдан иборат: ички ва ташқи қалъа. Ички қалъа 8 та қалъага эга бўлиб, унинг ҳовлисида ғиштдан қурилган эски ҳаммом мавжуд. Усмонлилар империяси даврида ички қалъанинг шимолий девори ёнидаИчки қалъа масжиди” қурилган.

Соат минораси

Эрзурумнинг муҳим тарихий обидаларидан бири бўлган Соат минораси, тарихий Эрзурум қалъасининг жануби-ғарбий бурчагида қурилган. У 1124-1132 йилларда амир Музаффер Ғозий томонидан кузатув майдони ва қалъа масжидининг минораси сифатида қурилган. Эшикдан киргандан сўнг, минора тепасига 65 та ёғоч зинапоя орқали чиқилади.

Уч мақбара

Шаҳар марказида жойлашган Уч мақбара ўтган даврларда ҳукмрон бўлган монументал қабр анъаналарининг муҳим намуналаридан биридир. Қўш минорали мадрасанинг орқа томонида жойлашган мақбаралар дизайни ва безаклари билан диққатни тортади. Гумбазлар ҳар хил ўлчамда. Кесилган тошлардан ясалган гумбазларда гул ва ҳайвон сиймолари бор.

Эрзурум музейи

Эрзурум вилояти ўтмишдан ҳозирги кунгача турли цивилизацияларга гувоҳлик қилган қадимий аҳоли пункти бўлгани учун кенг маданий меросга эга. Ушбу маданий меросни самарали тарғиб қилиш ва тақдим этиш Эрзурум музейида амалга оширилади. Музей қадимдан ҳозирги кунгача ўзининг бетакрор ва ибратли асарлари билан эътиборни тортади.

Ата муз музейи

Туркиядаги биринчи ва ягона муз музейи бўлган Отатурк университети Ата муз музейи муз устида акс эттирилган ноёб санъат асарлари билан маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни ўзига ром қилмоқда. Музей муз ҳайкаллари ва санъат асарлари билан бадиий ва маданий тажрибани ўзида мужассам этган. Музейда муз нафис шаклларга айланиб, анъанавий ва замонавий санъатнинг уйғунлаштирилган намунаси сифатида намойиш этилади.

Отатурк уй музейи

Бугунги кунда Отатурк уйи деб аталадиган уй XIX аср охирида Эрзурумли бадавлат киши томонидан қурилган. Ғози Мустафо Отатурк ва унинг дўстлари озодлик уруши йилларида Эрзурумга келганларида, бу қасрга жойлашдилар, шундан кейин у тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Отатурк ва унинг дўстлари 52 кунлик давр мобайнида Эрзурум Конгрессининг кўп ишларини ва энг муҳим йиғилишларини шу ерда ўтказдилар. Сарой 1984 йилда музейга айлантирилди ва Отатурк уй-музейи сифатида оммага очилди. Уч қаватдан иборат бўлган иншоот 1800 йилларнинг меъморчилик маҳорати ва хусусиятлари билан диққатни тортади. Ичкарида Ғози Мустафо Камо лОтатурк, Казим Карабекир пошшо ва Раиф Динчга тегишли буюмлар бор.

Зилола тайёрлади.