Илк бор ўтказилган жигар трансплантациясидан сўнг бемор ва донорнинг вафот этгани юзасидан расмий муносабат берилди
Аввалроқ ОАВда Самарқандда муваффақиятли ўтган жигар трансплантацияси амалиёти ҳақида маълумот берилган эди. Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда бемор ҳам, донор ҳам шифохонада вафот этганига доир хабарлар тарқалди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди:
“Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Жорий йил 9 август куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази трансплантологлари томонидан ҳудудда илк бор ўта мураккаб ва ноёб операция ҳисобланган жигар кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилган эди.
Бу жараёнда жигар циррози, субкомпенсация босқичи билан касалланган оғир аҳволдаги 57 ёшли беморга 35 ёшли қизи донорлик қилган.
Маълум бўлишича, сўнгги 4 йилда беморнинг аҳволи оғирлашиб, бир неча маротаба вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жигар циррози касаллигидан даволанган. Аммо саломатлиги борган сари ёмонлашиши туфайли у жорий йил 27 июль куни жарроҳлик бўлимига ётқизилган. Беморда стандарт асосида бажарилган текширувлардан кейин операцияолди консерватив терапияси ўтказилган.
Жигар трансплантациясидан аввал бемор, донор ва унинг қариндошлари билан биргаликда қонунчиликда белгиланган ва қонуности ҳужжатларида кўрсатилган стандартлар асосида иш юритилган.
13 соату 20 дақиқа давом этган жарроҳлик амалиётидан сўнг бемор реанимация бўлимига ўтказилиб, интенсив даво муолажалари давом эттирилган. Бироқ дастлабки таҳлилларга қараганда, стабиль оғир аҳволдаги ушбу фуқаро 12 августда ўткир юрак-қон томирлари етишмовчилиги туфайли вафот этган.
Беморга донорлик қилган 35 ёшли қизи стандарт асосида текширилиб, трансплантация қилинган. Операциядан сўнг унда интенсив даво муолажалри олиб борилган.
Аммо донорда буйрак етишмовчилиги, икки томонлама зотилжам асорати кузатилиб, стандарт бўйича интенсив даво чоралари қўлланилган.
Шунга қарамай, умумий ҳолати яхшиланиб бораётган беморнинг аҳволи 16 август куни бирдан ёмонлашиб, юрак уриши тўхтаган. Реанимацион тадбирлар ўтказилишига қарамасдан, унда биологик ўлим кузатилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, донорда ўпка томирларининг тромбоэмболияси асорати кузатилганлиги гумон қилинган.
Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабатида.