Илмга иштиёқ қандай уйғонади?

Бугун замонавий машиналар ёки электрон жиҳозлар билан ҳеч кимни ҳайрон қолдиролмаймиз. Кечагина оддий электр лампочкасига ҳайрат билан қараган авлоднинг фарзандлари сўнгги удумдаги смартфонларнинг ишига оддий ҳодисадек қарамоқда. Чунки улар мураккаб техник жиҳозларнинг оддий физик ҳодисалар ҳосиласи эканлигини билади. Уларни яратиш ва ишлатиш учун билим кераклигини ҳам яхши англайди.

Буюк ватандошимиз Имом Бухорий «Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай», дейди. Муборак ҳадисда: «Илм ўрганиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз», дейилган. Яна бирида эса: «Илмни Чинда бўлса ҳам ўрганинглар», дея буюрилади. Қолаверса, пайғамбаримизга юборилган улуғ калом ҳам: «Ўқинг!» сўзи билан бошланган. Шунда пайғамбаримиз: «Ўқишни билмайман», деб жавоб қилганларида: «Сизни лахта қондан яратган Роббингиз номи билан ўқинг!» дея хитоб қилинди. Ушбу гаплардан шундай хулоса келиб чиқадики, ўқиш ва илм ўрганиш инсоннинг ҳаётдаги бош вазифаси.

Бу кўрсатмаларга амал қилинган даврларда ўлкамиздан жаҳонга таниқли буюк илм дарғалари етишиб чиққан. Биз юқорида номларини тилга олган Имом Бухорий дейсизми, Муҳаммад Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Форобий, Фарғоний дейсизми ёки иккинчи Ренессанс йилларида яшаб ижод қилган Лутфий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур сингари даҳолар Туркистон тупроғида камолга етишди. Бироқ кейинги асрларда ислом фалсафаси тор маънода талқин этилиб, илм деганда фақат диний билимларнинг тушунила бошлангани юртимизда илм-фаннинг ривожига тўсқинлик қила бошлади. Шундоқ бўлса Машраб, Нодира, Увайсий, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Мунавварқори, Ҳамза Ҳакимзода, Қори Ниёзий, Иброҳим Мўминов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби олим ва ижодкорлар ҳам, фан, ҳам адабиёт осмонида ёрқин юлдузлардек чарақлади.

Фарзандларимиз бугун ҳам чанқоқлик билан илм ўрганмоқда. Илм эса дунёда бениҳоя кўпайиб кетганлиги боис унинг барчасини қамраб олишга улгуриб бўлмаяпти. Шуниси борки, кўпайиб кетган нарса муқаррар қадрсизланади. Шу маънода ёшларимизнинг баъзи бир қисмида илм ўрганишга иштиёқ сўниб бормоқда. Буни ўтган йили халқаро ташкилотлар ўтказган PISA синовлари яққол кўрсатиб қўйди. Ўзбекистонда саводхонлик даражаси қарийб 100 фоиз бўлса-да, 14-15 ёшли ўқувчилар орасида матнни ўқиб тушуниш кўникмаси бўйича дунё мамлакатлари орасида энг охирги ўринлардан бирини эгалладик.

«Сифатли таълим йили»да бунақа ачинарли натижа бўлгани ҳар биримиз учун аччиқ маънодаги огоҳлантиришдир. PISA синови бизнинг таълим тизимимизни ойнада акс эттириб, уни зудлик билан ислоҳ қилиш лозим эканлигини кўрсатмоқда. Албатта, бунда кўпгина омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Менимча, биринчи сабаб: билимдон кадрларга эҳтиёж камайиб кетганлигида. PISA синовларида Сингапур, Гонконг, Тайван, Макао сингари мамлакатларда энг юқори натижаларга эришилган. Бунинг сабаби шундаки, уларда юқори технологияли саноат ривожланган. Шу боис ҳам у юртларда билимсиз одамларга яшаш қийин. Бизда эса алифни калтак деб билувчилар ҳам яхши турмуш кечирмоқда. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Аслида, халқлар қанча фаровон яшаса, шунча яхши. Аммо бундаги энг ёмон ҳолат, халқимизнинг билимли, маърифатли зиёлилар қатлами тобора қадрсизланиб, чўкиб бормоқда. Бу ўз навбатида ёшлар ўртасида билим олишга бўлган рағбатни сусайтирмоқда. Ўқитувчи ва кутубхоначилар бозордаги ҳаммолдан ҳам кам иш ҳақи оладиган жамиятда илм ва фаннинг келажаги ёки учинчи Ренессанс ҳақида қанақа гап-сўз бўлиши мумкин? Таниқли олим Озод Шарафиддинов огоҳлантирганидек: «Кимга ишига яраша ойлик берилмаса, у олган ойлигига яраша ишлай бошлайди».

Бугун ёшларимиз учун имконият эшиклари кенг очилди. Ҳозир оддий қурувчи уста ҳам кунига 300-400 минг сўм топиши мумкин. Аммо бизга инженерлар, архитекторлар, шифокорлар, педагоглар ва бошқа касб эгалари ҳам сув билан ҳаводек зарур-ку!

Интернетда бир эълонни ўқиб қолдим. Кореяга, «Самсунг» фирмасининг кемасозлик заводида ишлашга таклиф қилишаётган экан. Талаблардан биринчиси: олий маълумотли бўлиш. Демак, мамлакат қанчалик ривожланса, корхонадаги оддий ишчи-ходимлар ҳам олий маълумотли бўлиши талаб қилинаркан. PISA синовларида Япония, Жанубий Корея, Тайван сингари мамлакатларнинг юқори натижаларга эришганини шу маънода тушунилса, тўғри бўлади.

Шу ўринда китобхонлик мавзусига ҳам тўхталамиз. Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан ёшларда китобга меҳр уйғотиш учун катта ишлар амалга оширилмоқда. Энг кўп китоб ўқиган болаларга машина совға қилинаётгани ҳам таҳсинга сазовор. Аммо бешта-ўнта бола китобхон бўлгани билан китобхон кўпаймаслиги айни ҳақиқат. Китобхонликнинг оммалашуви учун кенг китобхонликка йўл очиб, шарт-шароитлар яратиш керак. Масалан, «Ғунча», «Гулхан», «Тонг юлдузи», «Класс» сингари болалар нашрларининг тиражи тушиб кетди. Республикамизда 10000 дан зиёд мактаблар борлигини эътиборга олсак, ўнта мактабга 1-2 та газета-журнал тўғри келади. Аслида, китобхонлик газета-журналларни ўқишдан бошланмайдими? Китоблар нашри ҳақида ҳам худди шундай фикрларни айтиш мумкин. Болалар учун нашр қилинаётган китоблар нари борса, 5-10 минг нусхада чоп этилмоқда. Бу тахминан минг болага бир китоб демакдир. Ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг ярмини ёшлар ташкил этишини эътиборга олсак, уларнинг китобга бўлган эҳтиёжини қондириш учун кўплаб сифатли ва арзон китоблар чоп этиш лозим.

Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, халқаро PISA синовлари мамлакатимиз таълим тизимининг самарадорлик даражасини кўрсатиб қўйди.

Хўш, унда гап нимада? Нега ёш авлод таълим-тарбияси учун сарфланаётган маблағлар ўз самарасини бермаяпти? Бунинг сабаби, халқ таълими тизимига ажратилаётган пуллар мақсадсиз сарфланмоқда. Соҳада чинакам ишчанлик вазияти яратилмаган, ўқув муассасалари ва педагог ходимлар орасида соғлом ва ҳалол рақобат муҳити йўқ. Тизим ичида аҳволни ўнглаш учун қилинаётган ислоҳоту тажрибаларнинг кети кўринмаяпти. Бу эса соҳа ишининг тамоман издан чиқишига сабаб бўлмоқда. Биз ўзгариш ва янгиликларга асло қарши эмасмиз. Аммо тажриба ва ислоҳотлар аввал тор доирада синалиб, самара берган тақдирда кенг оммалаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Хўш, энди бундай нохуш ҳолатни тузатиш учун нима қилиш керак, деган савол кўндаланг қўйилмоқда. Фикримизча, умумий ўрта таълим соҳасида чуқур ислоҳот қилмасдан туриб натижага эришиб бўлмайди.

Яқинда Мактабгача ва мактаб таълими вазирига билдирган таклифларимда бу борадаги зарур чораларни санаб ўтдим. Таълим тизимининг замондан орқада қолганлигини жонли мисоллар билан кўрсатдим. Айтайлик, собиқ иттифоқ замонидан қолган тенглик, текислик тамойиллари янги замонда ўзининг яроқсиз эканлигини очиқ кўрсатди. Оқибатда билим олишга чанқоқ ёшлар мактаб бу ёқда қолиб, ҳар хил ўқув марказларига, хусусий мактабларга ва репетиторларга боришга мажбур бўлмоқда. Булар яхшидир, аммо илм олишга ташна болаларимиз ўқув марказларидан йироқда бўлса, бунинг устига, уларга бориш учун етарли маблағ ва шароит бўлмасачи? Қолаверса, боласи сифатли билим олиши учун солиқ маблағларини вақтида тўлаб бораётган ота-оналарни таълим учун яна қайта пул тўлашга маҳкум этиш тўғрими? Буни яхши англаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоят марказларида «Президент мактаби»ни таъсис этишга кўрсатма берди. Бу ташаббусдан намуна олиб, ҳокимлар ҳам ўз ҳудудида мен таклиф қилганим шакл ва мазмунда «Ҳокимлик мактаблари»ни ташкил этиши лозим эди. Мен шуларни ҳисобга олиб, вазирликка чекка қишлоқларда ҳам ихтисослашган намунали мактаблар ташкил этишни таклиф қилдим.

Вазирликнинг таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитациялаш департаменти деб аталмиш бўлимининг директори С.Ражабовдан «билдирган таклифларимдан миннатдор эканлиги, таклифларим ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши, суҳбат якуни бўйича эътирозларим йўқ эканлиги, агар бу мурожаатим юзасидаги жавобдан қониқиш ҳосил қилмасам, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилишим мумкинлиги ҳақида» ғалати жавоб келди. Соф эски шўро бюрократияси услуби ва руҳида битилган ушбу номадан шуни билиб олдимки, вазирликнинг ўзи ҳам чуқур сифат ислоҳига муҳтож экан. Буни мен бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун шошилган шифокорга миннатдорчилик билдирилиб, қўйган ташхиси ва ёзган рецептидан фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўрилиши, бундан врач хафа бўлмаслиги ва мабодо хафа бўлса, юқори ташкилотларга шикоят қилиши мумкин эканлиги билдириб қўйилган ҳолатга ўхшатдим.

Ҳолбуки, ўз таклифларимда бу хилдаги мактаблар таъминотини бюджетга қўшимча харажат юкламасдан қандай ташкил этиш йўлларигача кўрсатиб бергандим. Афсуски, мен кўп йиллардан буён матбуот орқали илгари суриб келаётганим, ушбу жўяли ғоя таълим тизимига татбиқ этилмасдан, яна бир марта лоқайдлик ва нописандлик ботқоғига чўкиб, йўқолиш эҳтимоли йўқ эмас.

Мен ушбу мақолада муаммонинг барча томонларини батафсил ёритиб бера олмадим ва бунинг иложи ҳам йўқ. Назардан қочирган жиҳатларни сайт ўқувлари айтсалар, ажаб эмас.

Худойберди Комилов, фахрий педагог.