Илон Маск Twitter акцияларини сотиб олиш учун 2,64 миллиард доллар сарфлади
Америкалик миллиардер Илон Маскнинг бу қарорга келгани ҳақидаги маълумот 5 апрель куни АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига тақдим этилган ҳужжатлардан келиб чиққан.
Миллиардер янги ҳужжатни 13D шаклида тақдим этган, яъни инвестор компания ишида фаол иштирок этиш ниятида. Душанба куни юборилган олдинги ҳужжатни эса Маск 13G шаклида топширган. Бу компаниянинг пассив улушини рўйхатдан ўтказишни ўз ичига олиб, инвестор назоратни амалга ошириш ниятида эмаслигини билдиради, дейилади CNBC телеканалида.
5 апрель ҳолатига кўра, Маск Twitterнинг 73,115 миллион дона акцияси ёки 9,1 фоизига эгалик қилмоқда. Сешанба куни Twitter акциялари савдоси ёпилиши ҳолатига кўра, Маскнинг улуши 3,73 миллиард долларга баҳоланган.
Маълумки, миллиардер акцияларни январь ойи охиридан бошлаб сотиб ола бошлади ва деярли ҳар куни савдоларни амалга оширди. Инвестор энг йирик битимни 7 февраль куни амалга оширди - у 176 миллион долларга 4,8 миллион донадан ортиқ акция сотиб олгани маълум бўлди.
Бир кун олдин Маск Twitter директорлар кенгашига киргани эълон қилинди. Унинг бошқарув аъзоси сифатидаги компания улуши 14,9 фоиздан ошмаслиги керак.
Ўтган ҳафта Маск компания платформасидаги аккаунтида ижтимоий тармоқнинг сўз эркинлигига бўлган ёндашувидан мамнун эмаслиги ва у янги платформа яратиш ҳақида “жиддий ўйлаётганини” айтди.
Г.Холдорова тайёрлади.