Имконияти чекланган бўлса-да, шахматни қойилмақом ўйнади
Самарқанд олимпия захиралари коллежида давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги учун шахмат мусобақаси ўтказилди.
Ақл машқида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 60 нафарга яқин 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган имконияти чекланган ўғил-қизлар ўзаро беллашди.
Мусобақанинг очилиш маросимида давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедов, Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облақулов, халқаро гроссмейстер Т.Воҳидов юртимизда шахматни оммалаштириш, бу спорт тури билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бугунги кунда минг нафарга яқин самарқандликлар шахмат билан шуғулланиб, республика, Осиё ва жаҳон майдонларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
- Мусобақада шогирдларим муносиб иштирок этди, - дейди Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатининг шахмат бўйича мураббийи Зиёда Қўчқорова. – Улар шахмат ўйнаганда ўзларини ногирон деб билмайди, ички сезгиси уларнинг кўзига айланади. Шогирдларим орасида вилоят, республика мусобақаларида ғолиб бўлганлари бор. Шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада шогирдим Райҳона Шарафова олтин медаль билан тақдирланган эди.
Беллашув якунига кўра, Шаҳбоз Қудратов ҳамда Дурдона Жуманова биринчи ўринган сазовор бўлди. Иккинчи ўринни Шеҳроз Даминов ва Райҳона Шарафова эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Ҳасан Рашидов ва Ҳабиба Омоновага насиб этди. Ғолибларга диплом ҳамда қимматбаҳо совға берилди. Бошқа иштирокчиларга ҳам ташаккурнома тақдим этилди.
Каттақўрғон шаҳридан келган 23 ёшли Муродулла Ортиқов шахмат доналарини қандай юриш кераклигини онасига айтиб турди ва рақибларига бўш келмай етти турда 4,5 очкога эга бўлди. Ўйинда қатнашгани учун унга ногиронлик аравачаси ҳамда ташаккурнома берилди.
Ҳусан Элтоев.