Имконияти чекланганларга кенг имконият

Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан республика кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлимида бир гуруҳ спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда туризм ва спорт бошқармаси, миллий паралимпия ассоциацияси вилоят бўлими раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
28 август – 7 сентябрь кунлари Болгариянинг Кранево шаҳрида спортнинг шашка тури бўйича кўриш имконияти чекланган спортчилар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Ушбу мусобақада вилоятимиздан иштирок этган спортчилардан 4 нафари медаллар билан қайтди. Мусобақада Самарқанд давлат университети талабалари Аббосжон Равшанов, Файзулла Мардиев, Самарқанд чет тиллар институти талабаси Чарос Баликова, Самарқанд шаҳридаги 59-махсус мактаб-интернати ўқувчиси Маҳбуба Халилова олтин медалга сазовор бўлди.
- Мен икки йўналишда қатнашиб, битта олтин ва битта бронза медалини қўлга киритдим, - дейди Самарқанд чет тиллар институти 2-босқич талабаси Ч.Баликова. - Бу ютуқларимнинг замирида албатта, устозларимнинг меҳнати бор. Бугун тақдирлаш маросимида юртимизда барча ёшлар қатори бизга ҳам тенг имкониятлар яратилаётганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Тадбирда чемпионларнинг етишиб чиқишида ўз меҳнатини аямаган устоз-мураббийларга ҳам миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Сулаймон МАРДИЕВ.