Ингичкадаги дашт ернинг ҳар сотихидан 300-400 килограмм маҳсулот олиняпти
Жорий йил март ойида Каттақўрғон шаҳрининг Ингичка шаҳарчасидаги 16 гектар майдонда битта дала кооперацияси ташкил этилди. Ушбу ер майдони 40 нафар ишсиз ва камбағал оилага бўлиб берилганди. Яқинда шаҳар ҳокими Г.Алимова Ингичкага бориб, ушбу лойиҳа ижроси билан танишди.
Ушбу ер майдонини суғориш учун қарийб 1,5 километр масофадан 300 метр баландликка сув қувури тортиб келинди.
Кооператив аъзоларининг меҳнатлари эвазига қисқа муддатда даштда сабзавот экинлари майдони яратилди.
– Йиллар давомида фойдаланилмаган майдон ўзлаштирилгач, ҳар 10 сотихдан 3-4 тонна маҳсулот олиш имкони яратилди, – дейди шаҳар ҳокими Г.Алимова. – Биз ер ажратган пайтда кўпроқ камбағалликдан чиқишга ҳаракат қилаётган, меҳнат қилишдан қочмайдиган оилаларга эътибор қаратган эдик. Бу ўз самарасини берди. Эндиги вазифамиз шу тажрибадан келиб чиқиб, 500 гектар ерни ўзлаштириш.
– Оиламизда моддий етишмовчилик бўлгани боис бизга 30 сотих ер берилди, – дейди Нуробод маҳалласида яшовчи Дилрабо Шаропова. – Картошка, шолғом ва сабзи экдик, ҳадемай ҳар бир экиндан 3 тоннадан зиёд маҳсулот оламиз. Бу эса оиламизга яхшигина даромад келтиради.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.