Инсоният имкониятлари: Сувдаги рекордлар

Агар одам ўз жисмоний имкониятларидан тўғри фойдаланса, ҳатто сув остида узоқ туриши мумкин. Ваҳоланки оддий одам сув остида нафас олмасдан бир дақиқа ҳам туролмайди, деб ёзади «АиФ» (2020 й 36-сон).

* Томскда кўл тубига шўнғиган Виталий Вивчар 50 килограмм штангани 76 марта кўтариб туширган. Олдинги рекорд америкалик Грег Уитстокка тегишли. У худди шундай штангани 62 марта кўтариб-туширган. Албатта, бундай машқни бажариш учун фақат қўлнинг кучи кифоя қилмайди, узоқ нафасни ютиб туриш ҳам лозим бўлади.

* Сув остида нафасни узоқ ютиб туриш харват Будамир Шботга чўт эмас. У 24 дақиқа 11 сония нафасни ютиб турган.

* Янги Зеландиялик Уильям Трабриж аквалангсиз сув остига 122 метр чуқурликка тушган. Бунинг учун у 4 дақиқа 24 сония вақт сарфлаган. Акваланг билан сувга шўнғиш рекорди мисрлик Акбар Габрига тегишли. У 332 метр чуқурликка тушиш учун 14 дақиқа, сувдан чиқиш учун 14 соат вақт сарфлаган. Гап шундаки, бундай вазиятда босим 30 атмосферага етади, қондаги эриган азот кўпириб кетмаслиги учун тўхтаб-тўхтаб нафасни ростлаш лозим бўлади.

* Россиялик Алексей Молчанов муз остида сузиш бўйича рекорд ўрнатган. Бир нафас олиш билан у 2 дақиқа 40 сонияда муз остида 180 метрни сузиб ўтган, муз устида совуқ 0 градус даража бўлган.

* Қизиқарли рекорд италиялик Виттори Инносентага тегишли. У 66,5 метр чуқурликда оддий велосипед билан 110 метрни босиб ўтган. Велосипед сув тубида мустаҳкам туриши учун унга 35 килограмм қўрғошин осишган, шиналарини сув билан тўлғазишган.

Тоғай МУРОД тайёрлади.