Инсоннинг инсонлигини таъминлайдиган мезон унинг ҳуқуқи таъминланишида намоён бўлади

Кеча, 22 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 46-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Мазкур маърузада еттита устувор йўналиш белгилаб берилди. Бу йўналишлар декларация талабларидан келиб чиқиб, ҳар бир инсон ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар мамлакатимизда тенг ҳуқуқли эканлигига алоҳида урғу берилди. Бундан ташқари, инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ёки халқаро мақомидан қатъи назар мамлакатимизда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўрилгани, биргина 2020 йилда 50 минг ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганлиги ва 2021 йилда яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлишлиги маълум қилинди.

Президентимиз маърузада устувор вазифалардан бири мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер сиёсати масалалари эканлигига ҳам эътибор қаратди.  Аёлларнинг ролини тубдан ошириш бўйича чора-тадбирлар мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида кенг миқёсда амалга оширилганлиги ва буни келажакда ҳам қатъий давом эттирилишини алоҳида таъкидлади. 2021 йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилганлигини ҳам маълум қилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширганлигимиз бўлди. Мамлакатимизда 2021 йилда “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни кўзда тутилганлиги болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида бу борадаги тадбирларимизнинг муҳим натижаси бўлади.

Президентимиз ушбу маърузасида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф этди. Шунингдек, ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига ўз ҳиссамизни қўшмоқчи эканлигимизни ҳам маълум қилди. Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда мисли кўрилмаган шиддат билан амалга оширилмоқда.

Албатта, бу борада камчиликларимиз йўқ эмас. Аммо изчиллик билан олиб бориладиган тадбирлар ушбу камчиликларни бартараф қилиш имконини беради.

Мамаюнус Пардаев,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.