Иш топиб беролмаган бандлик маркази фуқарога ишсизлик нафақаси тўлаши керак, аммо...
Яқинда ўзимга ўзим “Етар шунча олий маълумотли уй бекаси бўлганинг, болалар ҳам катта бўлиб қолди, энди ишлаш керак”, дедим-у, иш излашга тушдим. Афсуски, иш топиш мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Мана, неча ойдан бери ишга кириш ҳаракатидаман. Аммо ҳали-ҳануз бирор натижага эришганим йўқ. Қаерга мурожаат қилсам, туман бандликка кўмаклашиш марказига рўбару қилишади. Бу марказга бора-кела қанча одамлар мен каби сарсон бўлаётганини кўрдим. Марказдагилар шу даражада совуққон ва қўполки, олдида гапингизни йўқотиб қўясиз.
Ўтган йилнинг ёзида Пайариқ тумани бандликка кўмаклашиш марказига иш сўраб бордим. Аслида бу марказга мурожаат қилмоқчи эмасдим. Мен “портал”га иш сўраб мурожаат қилган эдим. Афсуски, улар шу марказга юклашибди. Хуллас, туман ва вилоят ҳокимлиги ҳам мурожаатларимни туман бандликка кўмаклашиш марказига жўнатишди. Менга эса ҳар доимгидек мутахассислигим бўйича иш йўқлигини айтишди. Уч-тўрт варақ ваканцияни олдимга қўйишади ва шу иш ўринларидан мосини танлашимни тавсия қилишади. Моси бўлмаса, секингина елка қисиб қўйишади. Гўёки, шу билан вазифаларини аъло даражада бажаришгандек. Яна тушунтириш хати ҳам ёздириб олади. Мазмуни тахминан бундай: “Ростдан ҳам маҳалла ва бандликка кўмаклашиш маркази менга бўш иш ўринлари таклиф қилди. Аммо менинг мутахассислигимга мос иш йўқлиги учун ишга жойлаша олмадим. Эътирозим йўқ”.
Бу нима деган гап. Бу, одамни ўз ёғига ўзини қовуриш билан баробар эмасми? Шу ўринда саволлар туғилади. Бу марказ шу даражада аҳамиятли экан, нега оддий аҳолига умуман нафи тегмаяпти? Аслида уларнинг фаолияти нимадан иборат? Фақат ваканция қоғозини келган-кетган одамга кўрсатишдан иборатми? Иш берувчи ташкилот иш сўраб борувчини ишга оладими? Бунинг шу бандликка кўмаклашиш марказларига аҳамияти борми, йўқми? Агар қабул қилишмаса, умуман, менга ўхшаб соҳасига мос иш ўрни бўлмаса, яна қандай таклиф ва амалий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга?
Конституцион ҳуқуқимга кўра, шу каби саволларимга жавоб олиш мақсадида бир неча бор марказ раҳбари билан учрашишга ҳаракат қилдим, аммо бунинг иложи бўлмади. Шундан сўнг интернет материаллари асосида бандликка кўмаклашиш марказлари ҳақидаги маълумотлар‚ қарорлар, қонунлар билан танишиб чиқишга ҳаракат қилдим. Аслида иш сўраб борувчи иш сўраб борган кундан бошлаб “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ белгиланган тартибга асосан ишсиз деб рўйхатга олиниши ва белгиланган тартибда ишсизлик нафақаси тўланиши лозим экан. Шунингдек, мен каби мурожаатчиларга ҳақиқатдан мутахассислиги бўйича бўш иш ўринлари бўлмаса, мурожаат қилинган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмасдан меҳнат органлари томонидан ишсиз, деб эътироф этилиб, рўйхатга олиниши лозим, дейилган. Энди яна бир эътироз. Мен неча маротаба марказга мурожаат қилган бўлсам, мени ёзма равишда рўйхатдан ўтказишмаган. Бу ўринда ким айбдор – ёзма равишда ариза бериш кераклигини билмаган, яъни ҳуқуқини билмаган менми ёки мурожаат қилувчининг қандай имтиёзлари ва имкониятлари борлигини тушунтирмаган марказ мутахассисларими?
Белгиланган тартибда ишсизлик маоши тайинлангандан сўнг фуқаро ҳар икки ҳафтада бўш иш ўринлари билан таништириб борилиши лозим, дейилган. Тайинланган ишсизлик маошининг миқдори оширилиши эса иш сўровчининг қайта малака ошириши, ўз устида ишлаши, қайсидир ўқув муассасаларида ўқиши учун ижтимоий кўмакдир. Аммо бу каби имтиёз ва эътибор оддий халққача етиб келмаёгани аччиқ ҳақиқат. Катта-катта ташкилот ва марказлар тузилиб, ишчи гуруҳлар ташкиллаштирилиб, унга давлат миқёсида катта имкониятлар ва ишонч берилса-ю, натижаси нолга тенг бўлса...
Бу каби ҳолатларга биз каби оддий инсонлар ечим топмоғи анчайин мушкул масала, шундай эмасми?
Нилуфар НАЗАРОВА,
Пайариқ тумани Сарбозор маҳалласи.