Ишга қайтолмаган ҳамшира вазифасига тикланди
Жомбой тумани адлия бўлими томонидан Жомбой тумани Тошкент маҳалласи, Дўстлик кўчаси, 3-уйда яшовчи фуқаро М.Эрназарованинг туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти ходимлари хатти-ҳаракатидан норози бўлиб қилган шикояти ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, М.Эрназарова 2020 йил 5 март куни Жомбой тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғига 2020 йил 28 февралдан бола парвариши таътили тугаганлиги сабабли ишга қайтишга рухсат беришни сўраб билдиришнома орқали мурожаат қилган. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан ушбу билдиришномага асосан 2020 йил 5 мартдан ишни бошлашга рухсат берилган.
Шундай бўлса-да, бирлашманинг кадрлар бўлими инспектори томонидан Меҳнат кодексининг 105-моддаси талаблари қўпол равишда бузилиб, 2020 йил 30 апрелгача М.Эрназарованинг ишга қайтганлиги тўғрисида буйруқ расмийлаштирилмаган.
Жомбой тумани адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилиб, фуқаро М.Эрназарованинг тез ёрдам бўлими тақсимловчиси вазифасида ишини давом эттиришига рухсат берилди ва тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг буйруғи қабул қилинди.
Абдуғани ИСРАИЛОВ,
Жомбой тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.