Ишончга муносиб бўлиш осон (ми?)
Бугунги шиддаткор кун воқелиги ҳар қандай соҳада фаол ва замон билан ҳамнафас бўлишни кераклиги талаб этилмоқда. Депутатлар замон билан бирга дадил қадам ташлай оляптими? Уларнинг фаолиятидан халқ рози бўляптими, улар сайловчилар ишончини оқлаяптими?
Шу каби саволларга халқ депутатлари вилоят Кенгашига “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган депутат Тозагул Холиқованинг фаолияти мисолида жавоб изладик.
Маълум қилинишича, депутат сайлов округи ҳудудида, аввало, кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб туради. Ҳудуддаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бормоқда. 2022 йилда депутат ташаббуси ва кўмаги билан 20 дан ортиқ фуқарога моддий ҳамда ижтимоий кўмак берилган.
Яқинда депутат сайловчилар билан учрашганидан сўнг қорли-изғирин кунлар талабидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган хонадонлар ҳолидан хабар олди ва уларнинг мурожаатларни ўрганди. Хусусан, Иштихон тумани Янгикент маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган фуқаро О.Назаровнинг яшаш шароити ўрганилди. Депутат фуқаронинг мурожаатини тинглаб, унга тиббий текширувдан ўтиш, зарур дори воситалари билан таъминланишида амалий ёрдамни ташкил қилишга ваъда берди.
- Сайлов округимдаги фуқаролар билан учрашувлардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳудудда ҳали ечимини кутаётган муаммолар кўп ва бу муаммоларни ҳал этиши учун қаттиқ иш олиб боришимизга тўғри келади, - дейди Тозагул Холиқова. – Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун олдимизда турган асосий вазифа, энг аввало, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган фуқароларнинг бир ишни бошини тутиб, касб-ҳунари орқасидан даромад топишларига кўмаклашишдан иборат.
Жорий йилги режамга асосан сайлов округи ҳудудидаги маҳаллалар кесимида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар рўйхатини шакллантиришга эътибор қаратдим. Шу асосда “Моҳлар” ва “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш зарурлиги, “Зарбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги маънан эскирган симёғочларни янгилаш каби масалаларда тегишли бошқарув органлари билан иш олиб боряпмиз.Рост, жойлардаги муаммоларни ўша ҳудуддан сайланган депутатлар бошқа мутасаддиларга қараганда яхшироқ билади. Аммо очиғини айтиш керакки у киритган сўровлар ҳар доим ҳам ижобий ечимга хизмат қилмайди.
Депутатнинг таъкидлашича, бундай ҳол уни тўхтаб, ортга қайтишига сабаб бўлолмайди. Хусусан, Т.Холиқова Иштихон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликда партиянинг дастурий ғоялари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, бошқарув идоралари олдига долзарб масалаларни қўйиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш йўлида қатор ўрганишлар олиб борди. Хусусан, умумтаълим мактаблари ошхоналари ва яқин-атрофда ўқувчилар саломатлиги учун зарарли бўлган фаст-фуд, тез тайёр бўладиган озиқ овқатлар, энергетик ичимликлар, таркибида наркотик бўлган тамаки маҳсулотлари савдосининг олдини олиш, мактаблар ҳудудида тезликнинг чекланганлик белгилари ўрнатилганлигини назорат қилиш масалалари юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Ўрганиш натижаларини маҳаллий кенгаш сессияси кун тартибига киритиш режалаштирилган.
Акбар Эркаев,
“Адолат” СДП вилоят Кенгаши ижрочи котиби.