Иштихон тумани тарихи музейида немис фотографининг асари сақланмоқда

Музейда бугун 1378 та экспонат мавжуд бўлиб, улар даври ва мавзусига кўра бешта - тарих, табиат, этнография, мустақиллик ва кўргазма каби залга тақсимланган.

Табиат залида туманда бир пайтлар бўлган ва бугунги кунга келиб йўқолиб кетган ҳайвонлар ва қушларнинг макетлари, ўсимликларнинг турларидан намуналар, тарих залида ҳудуддан топилган археологик топилмалар - сопол идишлар, тангалар, омоч, этнография залида туман аҳолиси томонидан ишлатилган заргарлик буюмлари, тақинчоқлар, ёғоч эшиклар, чолғу асбоблари, ҳовлиларнинг ташқи ва ички кўринишларининг макетлари, мустақиллик залида истиқлол йиллари амалга оширилган ўзгаришлардан фотолавҳалар, кўргазмалар залида эса немис фофтографи Уелрих Киллернинг “Ўзбек аёлининг маданияти” номли асари ўрин олган. Унда аёлларимизнинг меҳмон кутиш маданияти, тўй маросимларда ўланлар, лапарлар айтиш жараёни ўз аксини топган.

– Жорий йилнинг апрелида Қулчара қишлоғидан остодон топилди, – дейди музей директори Зафар Мухторов. – Бугунги кунда бу экспонат музейимиздаги энг қадимий археологик топилмалардан бири ҳисобланади. Остодон музейга ташриф буюраётган мактаб ва коллеж ўқувчиларининг ўтмишни тасаввур қилишида катта аҳамиятга эга.

Келажакда музей кўргазмалари кўпайтирилиб, бойитилади. Жумладан, одамзод ривожланишининг боқичлари ҳайкалчалар ёрдамида ёритилиб, кўргазмалар ташкил қилинади. Бундан ташқари, табиат залини бойитиш мақсадида юртимизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудлари акс этган кўргазма ташкил қилинади.

Отабек ШАРАФОВ.