Иштихонда коммунал хизмат сифати яхшиланадими?
Бугунги жазирама кунларда қишлоқ жойларда коммунал хизматларга катта эҳтиёж туғилмаслиги мумкин. Аммо кузнинг салқин, қишнинг изғиринли кунларида электр ва газ таъминотидаги узилишлар одамларни анча қийин аҳволга солиб қўяди. Хўш, Иштихон туманида куз-қиш мавсумида коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Бугун коммунал хизматдаги муаммолар одамлар энг кўп шикоят қиладиган масалалардан бири, - дейди Иштихон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Умид Исломов. – Тўғри, айни пайтда одамларнинг дала ишлари билан бандлиги, кунларнинг илиқли боис бирмунча камайган, аммо бу ҳали муаммо буткул бартараф этилди, дегани эмас.
Шу боис, туманимизда ҳар бир соҳа кесимида куз-қиш мавсумида узилишларнинг олдини олиш учун зарур чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Мисол учун, бугунги кунгача 41 та трансформатор пункти ва 78 километр электр тармоғи мукаммал таъмирланди. 7 та янги янги трансформатор пункти ҳамда 13,5 километр электр тармоғи янгидан қурилди.
Бундан ташқари, яна 275 километр электр тармоғи, 134 та трансформатор пунктини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, 16 та янги трансформатор пункти ва 49,5 километр электр тармоғи қурилади.
Туманда аксарият ҳудудлар марказлашган ичимлик суви тармоғи билан таъминланмаган. Мутасаддиларнинг айтишича, ички имкониятлар ва бюджетдан ажратилаётган маблағлар асосида зарур ишлар амалга ошириб келинмоқда.
"Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Иштихон туман бўлими томонидан шу кунгача корхонанинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда 800 метр сув тармоғи жорий таъмирланиб, 3 та сув минорасини реконструкция қилинган. Бундан ташқари, Чиғатой ва Шайхислом қишлоқларидаги носоз ҳолатга келиб қолган сув иншоотлари маҳалла билан ҳамкорликда ҳашар йўли билан таъмирланди. 5 дона насос ускунаси, 2 дона бошқарув қутиси янгиланди. Бугунги кунда Бўстон маҳалласида 1980 йилларда қурилган сув тармоғини қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда, бу иш амалга ошгач, 9 дона хўжалик тоза ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган.
- Албатта, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида ҳали қилинадиган ишларимиз кўп, - дейди У.Исломов. – Бу борада давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарори асосида бериладиган субсидия маблағларидан унумли фойдаланган учун янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз.
Туманда 6890 аҳоли хонадонларига электрон газ ҳисоблагич ускуналари (ЭГҲУ) ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилда 684 та истеъмолчи 3-босқичли газ таъминоти тизимидан 2-босқичли тизимга ўтказилади.
Табиий газ етиб борадиган ҳудудларни табиий газ билан бир меъёрда таъминлаш мақсадида учта ҳудудда газ қувурларини меъёрдаги ҳажмли қувурга алмаштириш чоралари кўрилмоқда.
Табиий газ етиб бормайдиган аҳоли хонадонлари учун 2204 та янги маиший газ баллон билан таъминлаш бўйича талабнома берилган. 2020-2021 йил куз-қиш даврида истеъмолчиларни белгиланган график асосида суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 2 минг 167,6 тонна суюлтирилган газ билан таъминлаш режалаштирилмоқда.
Бу борада тўловлар сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида электрон тўловларни жорий қилиш ва инновацион ғоялар асосида хар бир газ баллонга чип ўрнатиш чоралари кўриляпти.
Ё.Марқаев.