Иштихондаги корхонада олти турдаги мева қадоқланиб, 5 та давлатга экспорт қилиняпти
Туманнинг Баҳрин маҳалласида жойлашган “HABIBULLOH MAHSULOTI” масъулияти чекланган жамияти қадоқланган меваларни қуритиб, Туркманистон, Хитой, Қирғизистон, Эрон ҳамда Россия давлатларига экспорт қилиб келмоқда. Бугунги кунда корхонада 20 нафар доимий, 500 нафаргача мавсумий ишчи ишлаяпти.
- 2018 йилда фаолият бошлаганмиз, - дейди “HABIBULLOH MAHSULOTI” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Раҳимов. – Корхонамиз йилига 1 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ўтган йили Туркманистон, Хитой, Қирғизистон, Эрон ҳамда Россия давлатларига қарийб 1,5 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилдик. Жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 2 миллион долларга етди. Йил якунигача яна 500 минг долларлик маҳсулот сотишни режалаштиряпмиз.
Бугунги кунда корхонада аҳоли томорқаларида етиштирилаётган 6 турдаги ҳўл мевалар замонавий ускуналарда қуритилиб, қадоқлаб, экспортга чиқарилмоқда. Хусусан, МЧЖ биргина Туркманистондаги 5 та корхонага беш йилдан буён маҳсулот сотади.
- Кейинги пайтда корхона томонидан тайёрланаётган маҳсулотларга талаб ошмоқда, - дейди ашхободлик тадбиркор Женпар Бегиев. - Жумладан, бундан беш йил олдин йилига 60-70 минг долларлик маҳсулот сотиб олардик. Ҳозирга келиб, бу кўрсаткич 600-700 минг долларга етди. Келгусида ҳамкорларимиз билан келишиб, Туркманистонда экспортёр қўшма корхона ташкил қилмоқчимиз.
Фазлиддин Рўзибоев.